ССВ: Алкоголь маҳсулотлари коронавирусдан сақлай олмайди
Дунёда коронавирус инфекцияси (COVID-19) бўйича эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ушбу инфекциянинг кириб келиши ва унинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада аҳолининг санитария-гигиена қоидаларига амал қилиши ва профилактик чоралар кўриш борасида СМС-хабарномалар йўллаш тизими йўлга қўйилди.
Уларда асосан, қўлларни тез-тез яхшилаб ювиш, шамоллаган одамлар билан мулоқот қилмаслик, юзни қўл билан ушламаслик, жамоат жойларга боришни камайтириш, йўталганда ва аксирганда оғиз ва бурунни ёпиш каби оддий, аммо муҳим гигиеник қоидалар бериб борилмоқда.
Афсуски, ушбу СМС хабарларни нотўғри талқин қилиш, мазмунини сунъий равишда ўзгартириб бериш орқали аҳоли орасида ваҳима уйғотаётганлар ҳам учрамоқда. Жумладан, ижтимоий тармоқларда вазирлик номидан “коронавирусдан сақланиш учун алкоголь маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш лозим” мазмунидаги хабарлар мутлақо ёлғон ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бундай СМС хабар юборилмаган.
Мутахассисларнинг якдил хулосасига кўра, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш коронавирус инфекциясидан сақлай олмайди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтга қадар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор аҳолидан ортиқча саросимага тушмаган ҳолда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қолади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.