Суд-ҳуқуқ тизими фахрийлари ва ёш судьялар учрашди
Самарқанд вилояти судида уч авлод учрашуви ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, фахрийлар, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган судьялар ва тизимнинг ёш ходимлари иштирок этди.
Дастлаб нафақадаги тўрт нафар фахрийлар - Аҳмад Ҳусенов, Мамаюсуф Шерйигитов, Тўлқин Қодиров ва Арслон Усмоновга “Ўзбекистон суд фахрийси” гувоҳномаси тақдим этилди. Гувоҳномаларни У.Мингбоев тантанали равишда топширди.
Сўнгра О.Ҳайитов соҳа фахрийларининг меҳнат фаолияти барча судья ва суд ходимлари учун ибрат мактаби эканлигини, шунингдек, фахрийлар бугунги кунда ҳам шогирдларга йўл-йўриқ кўрсатиб, катта кўмак бераётганларини таъкидлади.
Убайдулла Мингбоев “Уч авлод учрашуви"нинг аҳамияти, самараси, устоз-шогирдлик муносабатларининг ҳаётда ва хусусан, суд тизимида жуда муҳимлигини мисоллар билан тушунтирди. Шунингдек, суднинг кеча ва бугунги куни, собиқ совет давридаги қатағонлар, суд тизими босиб ўтган машаққатли ва суронли даврлар ҳақида гапирди. Соҳада фидойилик билан ишлаб, тизим ривожи учун катта ҳисса қўшган устозлар ёдга олинди, уларнинг фаолиятидан мисоллар келтирилди. Устоз шогирдларга насиҳатлар қилиб, пок виждон, ҳалоллик, адолат, кучли билим ва ҳаётий тажриба судьянинг борлиғи бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Тадбирда фахрийлардан Алишер Мардиев, Иброҳим Очилов, вилоят суди судьяси Баҳодир Алиқулов юртимизда мазкур соҳада рўёбга чиқарилаётган ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбирда ёш авлод вакиллари устозлар йўлидан бориб, адолатни устувор билиш ва эътирофга лойиқ бўлиш ҳақида гапирди.
Самарқанд вилояти суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.