Суд қилинган… чўчқа

ХII асрдан ХIХ асргача сақланиб қолган суд айблов баённомаларида жиноят учун жазога ҳукм қилинган ҳайвонлар ҳам кўп. Европа шаҳарларида суд жараёнларида тез-тез чўчқалар, каламушлар, ҳўкиз ва ҳатто қўнғизлар иши кўриб чиқилган.

…1386 йил Франциянинг Нормандия области Фалез шаҳрида кўчада дайдиб юрган аллақандай чўчқа маҳаллий аҳолидан бирининг уйига кириб қолади. Уйда хонадон катта эгалари йўқ эди. Хонада қандайдир сабабларга кўра ёлғиз қолдирилган гўдак ухлаб ётарди. Чақирилмаган "меҳмон" мурғак болани ўзи учун қолдирилган луқма деб ўйлайди, шекилли, унга ташланади. 

Чўчқа - «қўлга олинган» бу очофот махлуқ гўдакнинг боши ва ўнг қўлини ғажиб бўлганди. Албатта, бундай даҳшатли жиноят содир этган одамхўр суд қилинди ва шафқатсиз жазога тортилди. Ҳукм ижро этилишидан аввал маҳаллий ҳокимият теварак атрофдаги барча чўчқабоқарларга ўз отарларини шаҳар майдонига ҳайдаб келиши буюрилди. Токи, жиноятчи чўчқанинг жазоланиши бошқа чўчқаларга сабоқ бўлсин…

Ўз қавмларининг тақдири бошқаларига сабоқ бўлдими-йўқми, айтиш қийин, бироқ Фалез аҳолиси қатлни узоқ эслаб қолдилар. Суд ҳукмига биноан жиноятчи чўчқанинг аввало тумшуғи, сўнгра олдинги онг оёғи чопиб ташланди. Кейин "маҳбус"га одам ниқоби, иштон – кўйлаги, қўлқоп кийгизиб бозор майдонида оломон кўз ўнгида дорга осилди.

Маҳаллий ҳукмдор чўчқанинг бу қатлини одил суд тантанаси сифатида баҳолаб, уни шу ердаги черков деворида акс эттиришни буюрди. Тасвир бир неча юз йил давомида ибодатхонани" безаб" турди. ХIХ асрга келиб бу тарихий воқеа ҳам, черков ҳам ўз аҳамиятини йўқотди.

Т.Шомуродов тайёрлади.