Суд-тергов тизимида инсон омили
Кейинги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни инсон манфаатлари учун ишлаб чиқиш юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг муҳим шарти бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Мазкур жараёнларга давлат ривожланишининг устувор йўналиши сифатида суд-тергов тизимининг ҳам қамраб олиниши соҳанинг халқ ҳаётига нисбатан кенг миқиёсда татбиқ этилишига замин яратиб бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мазкур тизим ислоҳотларининг сифат жиҳатдан янги босқичини бошлаб берди.
Фармон ижросини таъминлаш, суд-тергов тизимига оид ислоҳотларнинг шаффофлигини янада ошириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларга таянишдек муҳим масалалар юзасидан Қўшработ тумани суд органлари ва прокуратура ҳодимлари иштирокида семинар машғулоти бўлиб ўтди.
Семинарда қайд этилганидек, фармон лойиҳалари 2017-2021 йилларда Ўздбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга ошириш бўйича Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Жумладан, жиноий ҳаракатларнинг келиб чиқиш сабаблари, уни содир этган шахс ёки шахслар ўртасида турли хил низо ва келишмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида суд соҳасида «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизимининг 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ ишга туширилиши жиноятга доир ариза, хабар ва бошқа маълумотларнинг ягона электрон ҳисобига ўтиши суд ва судланувчилар ўртасидаги алоқаларнинг шаффофлигига шароит яратиб беради.
Бундан ташқари, фармонда суд-тергов тизимида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ошириш юзасидан ҳам бир қатор лойиҳалар ўз ифодасини топган. Дунё тажрибасидан аёнки, жиноятнинг сабаб ва оқибатларини батафсил ўрганмай туриб, гумонланувчи шахсга, аввало, инсон сифатида қараш, тергов жараёнларини ҳам шу асосда олиб бориш, лозим бўлса, жиноят содир этган вояга етмаганлар, ногиронлиги бор шахслар ҳамда нафақа ёшидаги кишиларнинг руҳий ва жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб, уларга нисбатан инсоний тамойиллар асосида одилона суд ҳукмини чиқариш бугунги суд-тергов тизимининг келгусидаги ислоҳотлари ўлароқ майдонга чиқади.
Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда суд-тергов тизими ривожланишининг янги босқичига қадам қўяди. Бу эса жамиятимизни янада демократлаштириш, фуқаролар ва судлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Илёс ДОНИЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани суд раиси.