Суд тизимида фаолият юритган аёлларга эҳтиром кўрсатилди

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Самарқанд вилоят судида тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят суди раиси О.Ҳайитов тизимда фаолият юритаётган хотин-қизларни байрам билан қутлаб, улардаги масъулият, қатъият, фидойиликни алоҳида эътироф этди. Олиб борилаётган ислоҳотлар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига қаратилгани, ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида хотин-қизларимиз жамиятнинг барча жабҳаларида фаол иштирок этаётганини таъкидлади. Шу жумладан, одил судловни таъминлаш, адолат қарор топтиришда аёл судьялар ва суд ходимларининг ўрни беқиёслигига тўхталди.
Байрам тадбирларга бой бўлди. Судьялар 1983 йилдан буён суд тизимида ишлаб келаётган Ленора Сейдалиевани 55 ёши билан қутлади. Вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Шоҳида Муродиллаевага республика Судьялар олий кенгашининг фахрий ёрлиғи тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган «Ўзбекистон аёл судьялари» тўплами тақдимоти ўтказилди ва аёлларга совға тариқасида тарқатилди. Шунинг баробарида барча хотин-қизларга гуллар, эсталик совғалар ҳам тақдим этилди.
Тадбир якунида вилоят суди раҳбарияти кексалик гаштини сураётган Тамара Гусейнова ҳамда Дилбар Ирмухамедоваларнинг хонадонига ташриф буюрди. Уларни байрам билан табриклаб, гуллар ва эсталик совғалар тақдим этди.
Вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.