Суд тизимида комплаенс назоратининг янги механизми жорий этилади
Президентимиз “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Ҳужжатда суд тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда бир қатор янги механизмлар жорий этилмоқда.
Фармонга мувофиқ, Олий суд аппарати таркибида Олий суд раисига тўғридан-тўғри бўйсунувчи Комплаенс назорат хизмати ташкил этилади. Шунингдек, Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида комплаенс назорат бўйича инспектор лавозимлари жорий қилиниб, улар мазкур хизматга бўйсунади.
Комплаенс хизмати раҳбари ҳамда инспекторлар Олий суд раиси томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот ва ижтимоий ҳимоя шартлари Олий суд тизимидаги тегишли мансабдорлар даражасига тенглаштирилади.
Мазкур лавозимларга олий юридик маълумотга эга, суд-ҳуқуқ соҳасида камида 5 йиллик меҳнат тажрибасига эга ҳамда юксак касбий ва ахлоқий обрў-эътибор соҳиби бўлган номзодлар тайинланиши белгиланган.
Шу билан бирга, Комплаенс назорат хизмати ходимларига суд аппарати ходимларининг хизмат фаолияти, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши, шунингдек хизматдан ташқари вақтдаги хулқ-атвори билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан хизмат текширувларини ўтказиш ваколати берилади.