Судлар раисларининг сайёр қабулида қандай мурожаатлар кўрилди?

Жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича Самарқанд вилояти судлари раислари 2019 йил 9 август куни Каттақўрғон шаҳри ва Каттақўрғон тумани Халқ қабулхоналарида тадбиркорлик субъектлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари учун сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабул аввалида суд раислари қонунчиликдаги янгиликлар, шу жумладан, тадбиркорлик учун яратилаётган шароитлар ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш борасида қабул қилинаётган ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, 40 нафар тадбиркорлар ва жисмоний шахслар қабул қилиниб, мурожаатлари тингланди.

Натижада 28 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди ва 2 нафар фуқарога суд қарорларининг ижроси бўйича Мажбурий ижро бюроси ходимларига мурожаат қилиши тушунтирилди. 10 та мурожаат ҳал этилди.

Бундан ташқари, сайёр судларда 5 нафар маҳкумларга нисбатан ишлар кўрилиб, улар жазони ўташ жойидан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. Вилоят суди кассация инстанциясида 1 нафар шахс иш бўйича етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани учун тайинланган жазодан озод қилинди.

Шу билан бирга, маъмурий ишлар юзасидан 17 нафар шахсларга оид ишлар кўрилди. Унда 6 нафар шахсга нисбатан ишлар ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари бартараф этилганлиги, 11 нафар шахсга нисбатан ишлар ҳуқуқбузарликни ихтиёрий равишда бартараф этгани ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплагани учун тугатилди.

Ўз мухбиримиз.