Судья лавозимига муносибми?

Бу саволга жавобни ким беради? Қачон муносиб бўлади?

Аввало, лавозимга муносиблик масаласида тўхталиб ўтиш лозим. Негаки, тизимда белгиланган режалар, амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бу масала долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунга алоҳида эътибор қаратилгани боис мамлакатимиз тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу воқеликни алоҳида эътироф этди. Бу ўз навбатида биз, судьялар зиммасига қўшимча масъулият юклайди. Қолаверса, тизимда замонавий метод ва технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ўз устимизда тинимсиз ишлашни тақозо қилмоқда.

Умуман, Мурожаатнома барча соҳаларда бўлгани каби суд тизимидаги ислоҳотларда ҳам янги Ўзбекистонга муносиб бўлиши алоҳида тилга олинди. Мисол учун, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, истиқлолнинг 30 йиллигини “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қиламиз.

Табиий савол туғилади, одамлар қачон эркин яшайди? Қачонки, ҳуқуқлари кафолатланган бўлса. Қачон ҳуқуқлари кафолатланади? У яшаётган жамиятда суд қонунларда белгиланган функция ва вазифаларини тўлақонли амалга оширса, адолатни таъминлай олса.

Буларнинг барчаси бугун мустақил Ўзбекистонда амалга оширилган. Жумладан, Мурожаатномада қайд қилинганидек, “... бу йил судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди”.

Биргина шу рақамнинг ортида қанчадан-қанча тақдирлар ётганини тасаввур қилишнинг ўзиёқ одамлар эркин ва фаровон яшаши учун қилинаётган ишлар самарасини кўрсатиб турибди. Чунки қасддан содир қилинмаган ва энг муҳими, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ижрочилари панжара ортига ташланмагани адолатли қарор эмасми? Қанча одамнинг жамиятдан ажралиб қолишининг олди олиниб, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун имконият берилиши тўғри эмасми?

Сир эмас, суд тизимида оқлов масаласида катта ва ижобий янгилик бўлди. Мурожаатномада ҳам айтилди, “Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди”. Яъни, шунча одам ҳуқуқлари кафолатланганига ўз тақдири мисолида гувоҳ бўлди.

“Келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.”

Демак, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилади.

Абдуҳаким Олтибоев,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари.