Судялар бир ойда нечтагача ишни кўриб чиқмоқда?

Жорий йилнинг биринчи чорагида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда жами 37362 та фуқаролик иши кўрилган. Шундан 23782 та ёки 63,6 фоизи бўйича суд буйруқлари чиқарилган.

Кўрилган ишлар таҳлил қилинганда, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан фуқаролик ишлари 210 тага, материал тартибида кўрилган ишлар эса 1740 тага кўпайган. Туманлараро суди ҳар бир судьясининг ўртача ойлик иш ҳажми 444,7 та ишни, шундан 161,6 таси фуқаролик ишини ташкил қилган.

Вилоят суди биринчи инстанцияда 5 та материал, апелляция инстанциясида 230 та, кассация инстанциясида 218 та, тафтиш инстанциясида 112 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. 

Даъво тартибида кўриб тамомланган фуқаролик ишлари низо тури бўйича таҳлил қилинганда, энг кўп иш кредит қарздорлиги ҳамда қарз ундиришга оид (2960 та) бўлмоқда. Ундан кейинги ўринларда никоҳдан ажратиш, оилавий ва меҳнат низолари туради. Бу даврда 917 та ер ва 1141 та уй-жой билан боғлиқ низолар кўриб чиқилган.

Кўрилган 2096 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишларнинг 946 тасида даъволар қаноатлантирилган. Туманлараро судлари томонидан ишларни кўриш натижалари юзасидан жами 268 та хусусий ажрим чиқарилиб, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига юборилган. 183 та иш бўйича тарафлар яраштирилганлиги сабабли иш юритувдан тугатилган.

Вилоят судининг апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида туманлараро, туман ва шаҳар судларининг жами 565 та ишлари кўрилиб, шундан 63 та ҳал қилув қарор(ажрим)лари ёки апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияларида кўрилган ишларнинг 11,1 фоиз бекор қилинган ҳамда 29 та ҳал қилув қарор(ажрим)лар ёки 5,1 фоизи ўзгартирилган.

Зафар АЛЛАБАЕВ, 

вилоят суди раисининг ўринбосари, 

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.