Султон Ҳусайнни “Ҳусайн Бойқаро” дейиш учун тарихий асос мавжуд эмас
Навоий жаҳон адабиётида энг юксак ўринда турувчи шоир. “Навоий – жаҳон адабиётининг энг юксак чўққиларидан” бири деб ҳам нуқта қўйиб бўлмайди. Алишер Навоий нафақат жаҳон адабиётида, балки жаҳон фалсафасида ҳам энг юксак мақомга муносиб мутафаккирдир.
Бошқа бир мисол, атоқли шарқшунос Е.Э.Бертельс араб, форс ва турк тиллари қаторида бир неча Европа тилларини ҳам билган (рисолаларида немис, француз, инглиз, итальян ва чех тилларидаги манбаларга ҳаволалар бор). Шунинг учун унга Навоийнинг умумбашарий тафаккурга қўшган ҳиссаси яхши маълум бўлган. Муҳими, бу ҳиссани Шарқу Ғарб мутафаккирларининг ҳиссаси билан қиёслай олган. Мана Е.Э.Бертельснинг баҳоси:
“Биз буюк ўзбек шоири Навоий ҳаёти ва ижодининг умумий жиҳатларини қараб чиқдик. Ўзининг ҳамма кучини бор имконияти билан халққа хизмат қилишга сарфлаган бу толмас заҳматкашнинг ҳаёти кўз олдимизда гавдаланди. Биринчи навбатда, унинг ҳайратомуз даражадаги кўпқирралилигини қайд этамиз: доно давлат арбоби, энг йирик олим, мутафаккир, рассом, мусиқачи, қиёси йўқ сўз устаси.
…Унинг ҳаёти узлуксиз машъал бўлиб ёниш, ҳар бир сониядан донолик билан фойдаланишга интилиш билан ўтган. Ва, натижалари ҳақиқатдан ҳам улуғдир” (“Навои” рисоласи сўнгсўзидан).
“Темурийлар мулкидаги маданий юксалиш XV асрнинг энг йирик давлат арбобларидан бири, атоқли (выдающийся) мутафаккир ва шоир Алишер Навоий раҳбарлигида амалга ошди” (“Низами” рисоласи сўнгсўзидан).
Атоқли навоийшуноснинг бу сўзлари муайян даражада В.В.Бартольд фикрига қарама-қарши бўлгани билан алоҳида қадрли (бу борада қуйироқда баҳс юритилган).
Буюклар ҳаёти ҳақида бадиий тўқима, афсоналар ҳам кўп бўлади. Шубҳасиз, Алишер Навоий ҳам бундан холи қолмаган. Бу мақолада биз у улуғ зотнинг буюклиги ҳақидагина эмас, балки тарихий асоссиз шахс номи ҳалигача Навоий номи билан боғлаб келинаётганига далиллар асосида изоҳ бермоқчимиз. Адолат ҳар ерда керак - ижодда ҳам, илмда ҳам.
Бири-бирига устоз ва шогирд эди
“Ҳайрат ул-аброр” мундарижаси бўйлаб сафарни давом эттирамиз. Сўз ва унинг маънисидан сўнг Султон Ҳусайнга бағишлов келади. Унда албатта, Хуросон султони мақтаб, кўкларга кўтарилган. Бу ҳам Шарқ поэзиясининг анъанаси. Ўзбек шеъриятида ҳамон давом этиб келаётган анъана. Анъана экан, демак, самимий дейиш қийин. Фақат Навоийда эмас. Навоийнинг Султон Ҳусайнга муносабати ҳамиша самимий бўлган. Бунинг тагида бир қанча омиллар ётади: Алишер хонадонининг темурийларга боғлиқлиги, яъни Навоийнинг ота-боболари темурийларга хизмат қилиб келгани, болаликдан Султон Ҳусайн билан дўстлиги, мактабдошлиги, биргаликда Абулқосим Бобур саройида хизмат қилгани, тахтни эгаллагач, Навоийни ўз ҳузурига чақириб олгани, юксак мансабларга тайинлагани, кўпдан-кўп вақф ва бошқа мулк ҳадя этгани ва ҳоказо.
Бу ўринда бошқа яна ҳам муҳимроқ омилларга эътибор қаратиш муҳим.
Биринчидан, Навоий Султон Ҳусайнни ўзининг устози деб билган (“Муҳокаматул-луғатайн”; Қ.Содиқов табдилида):
“Бу камтар (Навоий) ул ҳазрат (Султон Ҳусайн)нинг пок нафаси хотирасини сақлаб, ижроси лозим бўлган ҳукмларига бўйсуниб ва фармонбарорлик қилиб, кўнглимдан ва тилимдан келгунча, қаламим ва қўлимда куч бор деб сезгунча ул ҳазратга қуллик қилиб ва у қуллик билан ўзимни саодатли ва хурсанд сезиб, ҳатто шогирдлик билан ўзимни шарафли, азиз, фахрли ва боши кўкка етган деб билдим”.
Чиндан бу темурийзода Навоийдан 3 ёш катта бўлган (бу фарқ болаликда сезиларли бўлади), шеъриятга ҳам аввалроқдан қизиққан. Муҳими, дўстини турк шоирлари Низомий, Деҳлавий, Ҳилолий каби форс тилида эмас, балки ўз она тилида ижод қилишга ундаган. Шунингдек, Навоийда болалигидаёқ туркий “Хамса” яратиш орзуси уйғонишида ҳам Султон Ҳусайннинг таъсири бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас. Аруз ҳақидаги дастлабки маълумотларни ҳам ундан ўрганган бўлиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди. Қайд этиш лозимки, Султон Ҳусайн Алишердан катта ва темурийзода бўлишига қарамай, у билан дўстлашиб, дўстликни бир умр асраганки, бундай ҳодиса тарихда бошқа учрамайди.
Иккинчидан, Султон Ҳусайн Хуросон тахтини эгаллагач, 36 йил ҳукмронлик қилган ва бу даврда Ироқдан Балхгача улкан ҳудудда нисбатан тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган. Бу давр айниқса, адолат устувор бўлгани билан инсоният тарихидаги ноёб саҳифалардан бирини ташкил этади. Бунда Навоийнинг роли яхши маълум – қаерда адолатсизлик рўй берган бўлса, одамлар учун Навоийга мурожаат этиш имкони бўлган. Шу билан бирга, Навоийнинг адолатли сиёсати ҳаётга жорий бўлиши Султон Ҳусайннинг адолатга мойиллиги туфайлидир.
Мана шу омил натижасида Султон Ҳусайн салтанати жаҳон тарихидаги илм, маданият ва санъат гуллаб-яшнаган ноёб даврлардан бири бўлган. Ана шу муҳит Навоий ижодининг самарасида нақадар муҳим ўрин тутганини таъкидлашга ҳожат йўқ.
Учинчидан, Навоий Султон Ҳусайнни қанчалик мадҳ этган бўлса, султон ҳам Навоийни ундан кам мадҳ этмаган:
Эрур сўз мулкининг кишварситони,
Қаю кишварситон, хусравнишони,
Дема хусравнишонки, қаҳрамони,
Эрур гар чин, десанг соҳибқирони,
– бу байтлар Навоийга бағишланган биринчи рисоладан. Рисоланинг муаллифи эса Султон Ҳусайн. Ҳукмдор томонидан шоирга атаб илмий рисола битилиши ва бу каби мадҳ ҳам жаҳон тарихида мисли кўрилмаган ҳодисадир.
Токайгача Бойқаро?
Навоий ҳақида гап кетса, мутлақ кўпчилик ҳолда унинг дўсти, Хуросон подшоҳи Султон Ҳусайн Мирзо ҳам зикр этилади. Бу табиий. Ғайритабиий ҳолат шуки, бу темурийзода Ҳусайн Бойқаро исми билан машҳур. Алоҳида таъкидлаймиз – бизда, Ўзбекистонда. Ҳолбуки, тарихда Ҳусайн Бойқаро исмли шахс ўтган эмас.
Авваламбор, қатъий қайд этиш лозимки, бу ҳукмдорни кўрган, унинг даврида яшаган бирон-бир тарихчи асарида у Ҳусайн Бойқаро, дея зикр этилмаган.
Биринчи навбатда, султоннинг “энг яқин кишиси” (бу расмий унвон), дин ва давлат низоми (бу расмий исм-шариф) Алишер Навоий қаламига мансуб рисолаларга мурожаат этайлик.
“Бадойиъ ул-бидоя” девони, “Хазойин ул-маъоний” мажмуаси ва “Ситтаи зарурия” қасидалар туркумининг дебочаларида, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин” рисолалари ҳамда “Назм ул-жавоҳир” асарининг кириш қисмида Абулғози Султон Ҳусайн Баҳодурхон;
“Мажолисун-нафойис”нинг бошида Султон Соҳибқирон, унга бағишланган махсус саккизинчи мажлисда:
Абулғози Султон Ҳусайн Баҳодурхон;
“Маҳбуб ул-қулуб”да:
Бари бенаволар навосози ул,
Ҳамул навъ-ким, Шаҳ Абулғози ул,
Келиб айни инсону инсони айн,
Жаҳон вориси Шоҳ Султон Ҳусайн.
“Муншаот” асарида бир неча ўринда Мирзо дея зикр этилган. Масалан,
Мирзога Темурбек тўртунчи насабдур.
Султоннинг ўғиллари зикр этилганда куня бўлиб келган:
Шоҳ Муҳаммад Бадиъ ибни Музаффар Ҳусайн, Музаффар Ҳусайн ибни Султон Ҳусайн, бошқа ўринларда эса султон унвони билан чекланилган.
“Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида бир неча ўринда Султон Соҳибқирон ва Султонус-салотин дейилган. “Муножот” асарида эса “Подшоҳи ислом” дея зикр этилган.
“Мезонул-авзон”да: Султон Ҳусайн Баҳодурхон, Султон Соҳибқирон ва Султонус-салотин.
“Тарихи мулуки Ажам”да:
Демай айни инсонки, инсони айн,
Ҳам инсону ҳам айн Султон Ҳусайн.
“Насойимул-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Арбаъин” асарларида султон номи бевосита зикр этилмаган бўлиб чиқди.
Шундай қилиб, Навоийнинг насрий асарларида бирор ўринда ҳам Ҳусайн Бойқаро исми учрамайди.
“Хамса” сарлавҳалари илмий аҳамиятга молик манба сифатида қаралиши табиий. Уларда султоннинг исми қандай зикр этилганини кўздан кечириб чиқамиз.
“Ҳайрат ул-аброр”да: Абулғози Султон Ҳусайн Баҳодурхон;
“Лайли ва Мажнун”да куня сифатида Султон Бадиъуззамон Баҳодур ибн Абулғози Султон Ҳусайн Баҳодурхон;
“Сабъаи сайёр”да: Султон Ҳусайн Баҳодурхон;
“Садди Искандарий”да: Шоҳи Ғозий.
(“Фарҳод ва Ширин”да султон исми бевосита зикр этилмаган.)
Энди шеърларда султон қандай ном билан келишини кўрайлик. Навоий дўсти тахтни эгаллаганда унга Самарқанд–Ҳирот йўлида ёзган “Ҳилолия” қасидасини тақдим этган. У айнан Мирзога аталганки, исми қандай бўлса, шундай ёзилгани табиий:
Шоҳ Абулғозий саодат ахтари Султон Ҳусайн
Ким, қуёшни зарра дер кўрган сипеҳри ҳашматин.
Навоийнинг қитъаларидан бирида ҳукмдорнинг исми айтилмай, “Шоҳи Ғозий” дея зикр этилган. “Сирожул-муслимин”да:
Не шаҳ Султон Ҳусайн ул шоҳи Ғозий
“Минҳожун-нажот” қасидасида:
Абулғозий шаҳи олий гуҳар Султон Ҳусайн омад
Ки, омад хон бини хон то ҳарими Ёфас ўғлони.
“Насимул-хулд” қасидасида:
Абулғозий сипеҳри салтанат Султон Ҳусайн омад
Ки, то Одам бувад аждоди Султон ибни Султонаш.
“Фусули арбаъа” туркумидан “Баҳор” қасидасида:
Абулғозий сипеҳр салтанат Султон Ҳусайн он шоҳ
Ки, аз дарёи жўдаш қатра ёби баҳру уммонро.
“Дай” (куз) қасидасида:
Нужуми кавкаби Султон Ҳусайни дарё-дил
Ки, баҳри рифъате ўро фалак шудаст ҳубоб.
“Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” маноқибида келтирилган Паҳлавон Муҳаммадга тегишли қитъада:
Султон Ҳусайн хусрави ғозийки мисли ў
Ҳаргиз набуда дар садафи рўзгордур.
Шоҳ ас-т шаҳриёр, падар бар падарки ҳаст,
Мансур Бойқаройи Умаршайхи бин Темур.
“Лайли ва Мажнун”да:
Дин суратининг аламтирози,
Яъни Султон Ҳусайни Ғозий.
“Сабъаи сайёр”да:
Шоҳ Султон Ҳусайн ибн Мансур,
Ким бериб нусрати жаҳонға сурур.
“Садди Искандарий”да:
Вужудидин офоқ аро зебу зайн,
Улус хони бин хони Султон Ҳусайн…
Келиб салтанат айн ул нури айн,
Бадиъуззамон ибни Султон Ҳусайн.
“Лисон ут-тайр”да:
Аббадат эҳсонаҳу Султон Ҳусайн
Шаҳ Абулғозий мало зулхофақайн.
“Соқийнома”нинг биринчи қисми Султон Ҳусайнга бағишланган. Аммо Навоий унинг исмини зикр этмай “Жамшиди замон” дейиш билан чекланган.
“Фавойидул-кибар” девонида:
Эй Навоий, нега маъюс ўлғай улким, шоҳидур
Хусрави Ғозий муъиззи мулку дин Султон Ҳусайн.
Навоий “Хазойин ул-маъоний”да бир ўринда (вазн ва қофия тақозоси билан) Султон Ҳусайн исмига Бойқаро исмини қўшиб зикр этган:
Навоий оҳи навосо зи шоҳ Абулғозий
Сипеҳр мартаба Султон Ҳусайн Бойқаро (“Наводируш-шабоб”).
Бу байтда Навоий Бойқаро деганда исмнинг таркибий қисмини эмас, балки султоннинг кунясини (бобосининг исмини) назарда тутаётгани аниқ. Буни қуйидаги байт ҳам тасдиқлайди:
Сен Навоийға вафо айламасанг, бор ўлсун
Шаҳ Абулғозийи ибни Бойқаро, эй қоракўз (“Ғаройибус-сиғар”).
Бу ўринда исмлар билан боғлиқ бир ҳолатни қайд этиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Тарихий манбаларда султон, саййид, хожа, (а)мир, мирзо каби сўзлар икки хил вазифа бажаради. Биринчиси – унвон, мансаб, исми шариф. Масалан, султон Абулқосим Бобур, султон Улуғбек, иккинчиси – исмнинг таркибий қисми, масалан, Султонаҳмад мирзо дуғлат, Султонали Машҳадий, Султонали хоббин, Султонмуҳаммад кўса, Султонҳусайн арғун.
Темурийлар даврида одатда бутун Мовароуннаҳр ёки бутун Хуросонни бошқарган ҳукмдорлар “султон” унвони билан аталган, бошқалари мирзо унвони билан чекланган. Хўш, Султон Ҳусайн исмида биринчи сўз исмми ёки унвон?
Жавоб: бу ҳукмдорнинг асл исми Султонҳусайн, унвони ҳам султон. Шунинг учун султон Султонҳусайн деб ёзилиши керак (Султонали ёзилгани каби). Аммо бу ғализ бўлгани учун султон ўрнига шоҳ, султонус-салотин каби унвонлар ёки Абулғозий куняси қўшилган. Навоий асарларида “шоҳ Султон Ҳусайн” ибораси жуда кўп учрайдики, “султон” сўзи исмнинг таркибий қисми эканлигига яна бир далил. Чунки Ҳусайн Мирзони исм деб, унга ҳам шоҳ, ҳам султон унвонини баравар қўшиш мантиққа зид (султон ва шоҳ сўзлари синоним – бири арабча, бири форсча холос). Шу каби яна бир исм – Халилсултон мирзо. У қисқа муддат тахтда ўтиргани учун султон Халилсултон деб ҳам аталган ва бу ҳолда ғализлик йўқ.
Баён қилинганлардан келиб чиқиб, анъанага кўра Султон Ҳусайн деб ёзилса ҳам биз исмни, яъни Султонҳусайн деган тарихий шахсни назарда тутамиз.
Шундай қилиб, “Ҳусайн Бойқаро” иборасида бир эмас, иккита хато бор: асл исмнинг “султон” қисми олиб ташланган ва акаси (ёки бобоси)нинг исми тиркалган.
Султон Ҳусайн Мирзонинг шажараси:
Бу шажара “Соқийнома”нинг 15-қисмини изоҳлаб беради:
Соқиё, тут қадаҳи мийнойи
Ким, улус аҳлин этар шайдойи…
Бўлса чун бода учун базморо
Султон Вайс ибни Бойқора…
Бўлсун учмоқ ора Ҳақдин мағфур,
Отаси Бойқора ибни Мансур.
Кўриниб турибдики, шеър Султон Ҳусайннинг жиянига бағишланган. (Сўнгги байт табдили: Султон Вайснинг отаси Бойқаро ибн Мансурни Аллоҳ мағфират қилиб, жаннат ато этсин.)
Шундай қилиб, тарихда иккита Бойқаро Мирзо исмли темурийзода ўтган: бири Султон Ҳусайннинг бобоси – Паҳлавон Муҳаммад қитъасида зикр этилган, иккинчиси Султон Ҳусайннинг акаси (вафотигача Балх ҳокими бўлган). Бу ҳақда “Соқийнома”да тилга олинган.
Хулоса: Алишер Навоий ўз асарларида бирор ўринда ҳам Ҳусайн Бойқаро исмли шахсни тилга олмаган ва бирор ўринда исмнинг “Султон” таркибий қисмини тушириб қолдирмаган.
Энди Навоийнинг шахсий кутубхоначиси бўлган тарихнавис Хондамирнинг гувоҳлигига мурожаат этайлик.
“Макорим ул-ахлоқ”дан: …чексиз куч-қудрат эгаси бўлган, … салтанат, дунё ва динни азиз қилган зот (яъни Аллоҳ – А.А.)нинг эҳсони Абулғозий Султон Ҳусайн Баҳодурхоннинг сўз санъатига ошно табъи…
Бу ўринда Хондамир султоннинг тўлиқ исми шарифини келтирган. Кўриниб турибдики, шахснинг исми Султон Ҳусайн, Абулғозий – куня, Баҳодурхон – лақаб. Асарнинг бошқа ўринларида Соҳибқирон Султон, Ҳазрати Султон каби номлар билан чекланилган.
Хондамирнинг “Ҳабибус-сияр ва ахбори афроди башар” китобида Хуросон ҳукмдори билан боғлиқ воқеалар “Ғалаба туғли, салтанат ва давлатни шарафлантирувчи мансур хоқон Абулғозий Султон Ҳусайн Мирзонинг аҳволи ва васфидан бир бўлагининг зикри” сарлавҳали бобдан бошланади.
Кейинги бобда унинг насаби келтирилади: …отаси cултон Ғиёсиддин Мансур бин Амирзода Бойқаро бин Умаршайх Баҳодир бин Амир Темур Гўрагондир.
Хулоса: Навоий ва Султон Ҳусайн даврининг шоҳиди ва энг йирик тарихчиси бўлмиш Хондамир асарларида бирор ўринда ҳам “Ҳусайн Бойқаро” деган шахс учрамайди, ҳамма ўринда “Султон Ҳусайн” дея зикр этилади.
Энди темурийлар тўғрисида энг холис маълумотлар қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур гувоҳлигига мурожаат этайлик. Биз қизиқаётган тарихий шахс исми биринчи марта “Бобурнома”нинг ҳижрий 905 йил воқеалари бобида зикр этилади: “Султон Ҳусайн мирзодек мардона ва соҳиб тажриба подшоҳ бизга мадад қилмай…”.
Ҳижрий 911 йил воқеалари бобида “Султон Ҳусайн мирзо Шайбоқхоннинг устига черик тортгани” муносабати билан Бобур бу қариндоши тўғрисида махсус тўхталади:
Валодат ва насаби: валодати секкиз юз қирқ иккида Ҳирийда Шоҳрух мирзо замонида эди. Султон Ҳусайн мирзо бинни Мансур бинни Бойқаро бинни Умаршайх бинни Амир Темур. Бир туқғон икки ўғил, икки қиз эдилар: Бойқаро мирзо, Султон Ҳусайн мирзо, … Бойқаро Мирзо Султон Ҳусайн мирзодин улуғ эди ва навкари эди.
Бобурнинг “Аруз” рисоласида ҳам фақат Султон Ҳусайн Мирзо деб зикр этилган.
Хулоса: Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида бирор марта бўлсин Ҳусайн Бойқаро исмли темурийзода тилга олинмаган.
Султон Ҳусайнга замондош Давлатшоҳ Самарқандий, Мирхонд ва бошқа муаллифлар асарларида ҳам бирор ўринда бўлсин “Ҳусайн Бойқаро” исми учрамайди.
Ниҳоят, ҳал қилувчи аҳамиятга молик, ўта муҳим шаҳодат берувчи – Султон Ҳусайннинг ўзидан. Бу Хуросон ҳукмдорининг нечта фармони давримизгача сақланиб қолганини билмаймиз. (Ҳиротдаги Ихтиёриддин қалъаси бугун музей. Унинг фондларида ҳамда Машҳадда бундай ҳужжатлар сақланаётган бўлиши мумкин. Афсуски, султон вафотидан сўнг унинг нўноқ ўғиллари отасининг мактуб ва фармонларини жамлаб, мусҳаф қилишни ўйламаганлар.)
Абдулвосиъ Низомийнинг “Мақомоти мавлоно Жомий” асарида бир фармон – Жомийнинг Ҳажга жўнаши муносабати билан битилган шаҳодатнома, Хондамирнинг “Макоримул-ахлоқ” асарида бир фармон – Навоийнинг Ҳажга отланиши муносабати билан битилган шаҳодатнома матни келтирилган. Ҳар икки фармон матни форсча бўлса ҳам унвон “Бизки, Абулғози Султон Ҳусайн сўзимиз…” ибораси билан бошланган.
Бунга қўшимча яна бир далил: Султон Ҳусайн “Рисола” асарида ҳамд ва дуруд қисмларидан сўнг ўзини шундай таништиради: “Бу рақамнинг роқими ва бу таҳрирнинг муҳаррири (яъни рисола муаллифи):
Сурган бу варақ юзига хома,
Пурғамзадаи сиёҳнома,
ал-муҳтожу ила раҳматиллоҳи-л-малики-л-ғафури фақири хақир Султон Ҳусайн бин Мансур саттараллоҳу уюбаҳу ва ғафури зунубаҳу мундоқ баён қилурким…”.
Султон Ҳусайннинг Ҳусайн Бойқаро эмас, Султон Ҳусайнлигига яна қандай далил талаб этилади?
Хулоса: Султон Ҳусайнни Ҳусайн Бойқаро дейиш учун тарихий асос мавжуд эмас.
Ҳусайн Бойқаро исми қаердан келди?
“Ҳусайн Бойқаро” исми Навоий ва Султон Ҳусайн вафотидан кейингина пайдо бўлган.
Хўш, қандай қилиб Султон Ҳусайн Мирзо Ҳусайн Бойқарога айланиб қолган? Бу саволга жавоб топа олмадик. Бу машҳур ғалат анчадан буён мавжудлиги аниқ. Олим Шарафиддиновнинг 1939 йилда босилиб чиққан “Алишер Навоий” рисоласида Мансур Мирзонинг ўғиллари чалкаштирилган: “Абусаид Мирзо Хуросонни қўлга киритган йилларда бир ёш ва ғайратли шаҳзода унга рақиб сифатида майдонга чиққан эди. Бу темурий Ҳусайн Мансур ўғли Бойқаро эди”. (Мансур Мирзонинг ўғли Бойқаро мирзо тахт учун курашмаган. Олим Шарафиддинов Султон Ҳусайнни Бойқаро деб атамоқда.) Шундан сўнг матнда Султон Ҳусайн ва Ҳусайн Бойқаро исмлари аралаш қўлланган.
Тахминимизча, ўзбек адабиётшунослари “Ҳусайн Бойқаро” исмини озарбайжон олимларидан ўзлаштирган – XX аср бошларидан Навоий ижодини ўргана бошлаган Исмоил Ҳикмат ва Фуод Кўпрулузода мақолаларида Султон Ҳусайн исми бузиб ёзилган.
Султон Ҳусайн Бойқаро исми XIX асрда яшаган шоир Адо ғазалида келади. Бироқ у Бойқаро деганда исмни назарда тутганми ёки султоннинг кунясини – аниқлаб бўлмайди.
Бундай расм, яъни Султон Ҳусайн билан Ҳусайн Бойқаро исмларини аралаш қўллаш бугунги илмий мақолалар учун одатий ҳолга айлангани ачинарли. Мисол учун, фундаментал нашр – “Ўзбек адабиёти тарихи”нинг Навоийга бағишланган жилдида 28-саҳифагача Султон Ҳусайн дейилган бўлса, шу саҳифадан Ҳусайн Бойқаро дейила бошлаган.
Бугун энди профессионал навоийшунослар ҳам бу машҳур ғалатни эркин қўлламоқда. Мисол учун, айнан “Бобурнома”да бирор ўринда Ҳусайн Бойқаро деган исм учрамаса-да, 2020 йил февралда М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Осиё ва Африка мамлакатлари институти ўтказган “Интеллектуальное наследие Захириддина Мухаммада Бабура и современность” халқаро илмий-амалий конференциядаги маърузалардан бири “Образ А.Навои и Х.Байкара по “Бабурнаме” деб аталган.
Бу каби хато Wikipedia интернет қомусидан жой олганига нима дейсиз?!
Русча версияда:
Хусейн Байкара (перс. حسین بایقر / Husayn Bāyqarā) Абу-ль-Гази Хусейн Мирза ибн Мансур ибн Байкара, более известный как Хусейн Байкара или Султан Хусейн, 1438, Герат, — 4 мая 1506, Баба-Илахи, близ Герата) — правитель Хорасана (с 1469 года до конца жизни) со столицей в Герате из династии Тимуридов, поэт (под псевдонимом Хусайни).
Инглизча версияда:
Sultan Husayn Bayqara Mirza (Persian: حسین بایقرا / Husayn Bāyqarā; June/July 1438 – 4 May 1506) was the Timurid ruler of Herat from 1469 until May 4, 1506, with a brief interruption in 1470.
Wikipedia талабига кўра, ҳар бир маълумот учун манба кўрсатилиши лозим. Демак, маълумотни тайёрлаган киши бевосита манбаларга асосланмаган.
Султон Ҳусайнни Ҳусайн Бойқаро деб чалкаштириш шу қадар онгимизга сингиб кетганки, ҳатто тарихий манбаларни нашр қилишда ҳам қаламимиз тойиб кетаверади. Мисол учун, “Навоий замондошлар хотирасида” тўплами асосан тарихий манбаларнинг ўзбек тилига таржималаридан тузилган. Бу тўпламнинг нашр этилиши ниҳоятда фойдали, савоб иш бўлган. Тарихий манбаларда ҳамма ўринда Султон Ҳусайн дейилган, албатта. Аммо “Дастурул-вузаро”дан олинган парча таржимасида “аъло ҳазрат Султон Ҳусайн Бойқаро” деб кетилгани – азбаройи ўрганиб қолингани сабабли таржимоннинг қўли “ўзидан-ўзи” “Бойқаро” сўзини қўшиб кетган. Ҳолбуки, аслида асардаги исм – Султон Ҳусайн.
Ҳатто Бертельсдай аллома ҳам “Хамса”нинг русча нашрига ёзган сўзбошисида изчил “Султон-Хусейн” дегани ҳолда, бир ўринда “Султан-Хусейн Байкара” деб кетган.
Султон Ҳусайн ҳаёти ва ижодига бағишланган рисолачаларнинг бирида бу тарихий шахс исми Ҳусайн (нафақат султоннинг исми шарифлари, ҳатто исмининг таркибий қисми ҳам ташлаб кетилган), Ҳусайн Байқаро, Ҳусайн мирзо, Ҳусайний (шоир сифатида) каби номлар билан ёзилгани ҳолда, бирор ўринда тарихий манбалардаги исми айтилмаган.
“Ҳусайн Бойқаро” исми юртимизда Ойбекнинг “Навоий” романи ҳамда Иззат Султон ва Уйғуннинг “Алишер Навоий” драмаси сабабли янада кенг тарқалиб, алал оқибат, Султон Ҳусайн мирзо исмини муомаладан деярли сиқиб чиқарди.
Ўрта ва олий таълим адабиёт дарсликларида Султон Ҳусайн ўрнига Ҳусайн Бойқаро ёзилиши эса меъёр даражасига етган. Бунинг оқибатида бир неча авлод учун Султон Ҳусайн исмли тарихий шахс маълум ва мавжуд эмас.
Бошқа томондан, ўз тадқиқотларида фақат ишончли илмий манбаларга таянадиган хорижлик олимлар асарларида “Ҳусайн Бойқаро” исми учрамайди. Хусусан, ЎзФАнинг мухбир-аъзоси бўлган А.К.Боровков томонидан тузилган “Алишер Навои” тўпламида (1946 йил) бирор ўринда ҳам “Ҳусайн Бойқаро” дейилмаган. Худди шу даврда Тошкентда чоп этилган “Великий узбекский поэт” тўпламида эса (1948 йил) ҳар икки исм аралаш келади. Илмда ишончли тарихий манбаларга асосланиш методологиясига амал қилувчи мутахассислар ўзбек олимларининг рисола ва мақолаларида “Ҳусайн Бойқаро” исмини учратса, “Ким бўлди экан?” дея таажжубга тушсалар керак. Ҳатто, бу каби ғайриилмий “ихтиро”дан истеҳзо қилсалар ҳам ажаб эмас. Ҳар қанча аччиқ бўлмасин, тан олиш керакки, бунда улар ҳақ бўладилар.
Хуллас, тарихий шахс – Султон Ҳусайн мирзо, “Ҳусайн Бойқаро” эса бадиий образ. Шўро мафкураси талаби билан бу образ оммага имкон қадар қорароқ туюлиши учун тарғиб қилинган исм.
Адиб ва журналистлар-ку, тутганини қўймасалар керак. Жилла қурса, илмий тадқиқотларда буюк темурийзода у яшаган даврга оид тарихий манбалардаги исми билан аталиши шарт, деб ҳисоблаймиз. Зотан, Султон Ҳусайн тахтда ўтирган йиллар инсоният тарихидаги маданият гуллаб-яшнаган даврлардан бири бўлган. У зот гарчи, Ҳиротда туғилган бўлса-да, биз – ўзбекларнинг аждоди. Жилла қурса, Алишер Навоий устозим дегани учун ҳам уни ота-бобоси қўйган исм билан аташга бурчлимиз.
Султон Ҳусайн исмли буюк темурийзодани “Ҳусайн Бойқаро” дейиш ғайриилмий бидъат, тарихга нисбатан ҳурматсизлик, уни сохталаштиришнинг бир намунасидир.
Абдулла АЪЗАМ,
Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги.