Сунъий интeллeкт хавфли

Аммо инновациядан қўрқмаслик керак

Бугунги ахборот технологиялари асрида таълим жараёни сунъий интеллект билан бойитилмоқда. Дастлаб бу технологиялар қулай, самарадордек туюлди. Чунки улар ёрдамида ўқувчи тез ва “замонавий” матнлар тузади, ўқитувчи эса автоматлаштирилган баҳолашдан фойдаланади. Булар ортида бир нечта муаммолар яширинганини англамаслиги мумкин.

Масалан, сунъий интеллект матн ёзиб беради, муаммога ечим таклиф қилади, ҳатто иншо ёки курс ишини ҳам тайёрлайди. Аммо бу воситалар ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини заифлаштирмайдими? Талабалар фикрни таҳлил қилиш эмас, “чатбот”дан тайёр матн олишни афзал кўрмоқда. Бу айниқса, инглиз тилида ёзиш кўникмасини ривожлантириш жараёнида кўзга ташланяпти. Ёшлар ўз устида ишлаш, адабиёт ўқиш, изланиш ўрнига, биргина буйруқ орқали ёзилган матнни танлаяпти. Натижада таълим сифати тушяпти ва улар мантиқий фикрлашдан йироқлашмоқда.

Шундай экан, устоз ўрнини “чатбот” боса оладими? Баъзиларнинг фикрича, сунъий интеллект ўқитувчи вазифасини осонлаштиради. Аммо бу технология инсоний ёндашув, ҳаётий тажриба, мотивация бериш каби жиҳатларни бажара олмайди. Талабани ўйлашга, баҳслашишга, нотўғри фикрини таҳлил қилишга ўргатмайди. “Чатбот” фақат “матн ёзувчи” вазифасини бажаради, холос.

Яна бир мисол, талаба учун тез ёзилган иншо энг осон йўл. Аммо бу уни мукаммалликка олиб бормайди. Интизом, тиришқоқлик ва сабр-тоқат талаб қилмайдиган бу сунъий интеллект кўникмасиз, қоғозда яхши, амалда тайёрланмаган мутахассислар етишиб чиқишига замин яратади.

Аслида таълим – изланиш, уриниш, ҳатто хатолардан хулоса чиқариш, дегани. Сунъий интеллект фақат “тайёр”ини беради.

Хўш, нима қилиш керак?

Биринчидан, сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиш, унга шунчаки фикр ва ғоя талабага тегишли маълумотларни берадиган восита сифатида қараш керак. Академик ҳалолликни таъминлаш учун ҳар бир топшириққа мустақил ёндашиш, тафаккур қилиш талаб этилади.

Рақамли саводхонликни ошириш, технологияни тўғри ишлатишни ўрганиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Булардан ташқари, фақатгина ёзма ишларга эмас, суҳбат, таҳлил, ижодий ёндашувга асосланган услубларга ҳам ўтиш лозим.

Қисқасини айтганда, замонавий технологиялар фақат ҳаётни енгиллаштиради. Сунъий интеллект – шунчаки восита. Ҳақиқий билим – тинимсиз изланишда, вақтни, меҳнатни аямасликда. Акс ҳолда, биз ўзимиз учун эмас, фақат “чатбот”лар учун ишловчига айланиб қолишимиз мумкин.

Дилноза БЎРОНОВА,

СамДЧТИ ўқитувчиси.