Сунъий йўл нотекислиги ўрнатишда тартиб бор, ноқонунийларига чора-чи?
Мавзу, хусусан, бу масала анчайин баҳсларга сабаб бўлгани бор гап. Биз бу борада бир қатор бошқарув органларига сўровлар юбориб, тайинли жавоб ололмаганмиз. Хўш, қонунчилигимизда бу борада қандай тартиб қўйилган?
Мақолани бошлашдан аввал кичик бир эслатма: ҳудудингизда мавжуд сунъий йўл нотекислик(лар)и нотўғри ёки ҳаракат қатнашчиларига ноқулай, деб ўйлаяпсизми? Шундай бўлса, фотосуратларини илова қилиб, вилоят транспорт, стандартлаштириш ва метрология бошқармаларига мурожаат қилишингиз мумкин. Бу идоралар сунъий йўл нотекислиги ДЙҲХХ ("ГАИ") билан келишилганлиги ва давлат стандарти талабларига мувофиқлиги ҳақида хулоса берса, ҳаммаси жойида. Аксинча бўлса, қуйидагиларни ўқиб чиқинг.
Нега ёки қаерда ўрнатилади?
Аввало, мазкур саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз: «Сунъий нотекисликлар. Умумий техник талаблар. Қўллаш тартиби» номли Ўзбекистон давлат стандарти ишлаб чиқилган. Ҳужжат Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2019 йил 1 июлдаги қарори (05-1046-сон) билан тасдиқланган.
Ҳужжатга кўра, сунъий нотекислик – йўл қисмида йўл ўқига перпендикуляр тарзда жойлашган, тезликни мажбурий пасайтириш учун мўлжалланган махсус баландлик. У транспорт воситалари тезлигини рухсат берилган 40 километр/секунд кўрсаткичигача пасайтириш учун йўлларнинг алоҳида жойларида ўрнатилади.
Эътибор қилинг:
Сунъий нотекисликларни халқаро аҳамиятга эга бўлган йўллар, йўлаклар сони 4 ва ундан ортиқ бўлган республика аҳамиятига эга бўлган йўллар (аҳоли сони 1000 кишидан ортиқ бўлган қишлоқ ва шаҳарлар бўйлаб ўтган йўллардан ташқари), жамоат транспорти тўхташ майдончалари ёки уларга қўшни ҳаракат йўлакларида, кўприклар, кўприк йўллар, осма кўприклар, туннеллар ва кўприк ости йўлларида ўрнатиш мумкин эмас.
Биласиз, огоҳлантирувчи белгилар ҳайдовчиларга хавфли йўл қисмига яқинлашаётганлиги ҳақида ахборот бериб, унда ҳаракатланишда шароитга қараб тегишли чора кўришни талаб қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 апрелда тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида Қоидалар ўша йил 1 майдан янги таҳрирда амалга киритилиши белгиланган. Ҳужжат иловасида “1.31. «Сунъий йўл нотекислиги». Йўлнинг сунъий нотекислик ўрнатилган қисмига яқинлашаётганлиги тўғрисида огоҳлантиради. Транспорт воситасининг ҳаракатланиш тезлигини мажбурий тарзда камайтириш учун қўлланилади,” дейилган.
Белги ўзи яна битта алоҳида мавзу. Аммо санаб ўтилганларидан сунъий йўл нотекислигини ким, қаерда хоҳласа ўрнатиб бўймаслигини англаш мумкин.
Қандай ўрнатилади?
Стандартга кўра, сунъий нотекисликнинг конструкцияси ишлаб чиқариш технологиясидан келиб чиққан ҳолда яхлит ва йиғма турларга бўлинади. Қай бири ўрнатилишидан қатъий назар узунлиги йўлнинг энидан калта бўлиши мумкин эмас (ҳар иккала томонда 0,2 метрдан ортиқ бўлмаган чекланиш бўлиши жоиз).
Жойларда сунъий нотекисликнинг ўрнатиш учун йўл ҳудудида оқова ариқ ташкиллаштириш зарур. Юқорида ҳам айтдик, ҳайдовчилар сунъий нотекисликлар ҳақида йўл белгилари ёрдамида олдиндан огоҳлантирилиши зарур.
“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 4-банди 2-хатбошисида, тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўлларда “сунъий нотекислик” қурилмаларини ўрнатиш тақиқланади деб белгиланган. Шу қоидаларнинг 183-банди 14-хатбошисига кўра, тегишли мансабдор ва бошқа шахслар томонидан йўлларда сунъий нотекислик ва шлагбаумни ўрнатиш ДЙҲХХ билан белгиланган тартибда келишилиши шарт. Хуллас, сунъий нотекисликлар давлат стандартига (O‘z DSt 3403:2019) мувофиқ ўрнатилиши талаб этилади.
Умуман, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “2018 - 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Концепцияси” тасдиқланган. Ҳужжат асосида айрим жойларга белгиланган тартибди сунъий йўл нотекисликлари ўрнатилган бўлди.
Аммо ...
Яшириб нима қилдик, йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши хавфи юқори бўлган автомобиль йўллари участкаларида йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун масъул тузилмалар етарлича эътибор бераётгани йўқ. (Юқорида қайд қилинган концепцияда белгиланган 15-рақамдаги тадбирларга қаранг) Мисол учун, пиёдалар, айниқса, болаларни машина уриб юбориш хавфи бўлган жойларда сунъий йўл тўсиқларини мажбурий ўрнатиш бўйича қатъий меъёр ёки қоида йўқ. Бунга аниқ масъуллар белгиланмаган. Шу боис, аксар ҳолларда фуқаролар, корхона ва ташкилотлар ўзлари – мустақил тарзда инсон ҳаётини муҳофаза қилиш чораларини кўрмоқда.
Оқибати - жавобгарлик ...
Зарурат бор жойларни тушундик. Аммо ҳеч бир эҳтиёж бўлмаган жойларда сунъий нотекисликлар ўрнатиб олинаётгани ҳам яна бир мавзу. Стандартга жавоб бермайдиган ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишмаган ҳолатлар жавобгарликка сабаб бўлади.
Умуман, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра, автомобиль йўллари қайси юридик шахслар ихтиёрида бўлса, ўша субъектлар билан олдиндан келишмасдан, каналлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, қувурлар, темир йўллар ҳамда бошқа коммуникациялар — автомобиль йўлларини кесиб ўтишига йўл қўйилмайди. Автомобиль йўлларидаги ёки уларнинг айрим участкаларидаги ҳаракатланишни чеклаш ёки таъқиқлаш – унга эгалик қилаётган юридик шахслар томонидан берилган рухсатномалар асосидагина амалга оширилиши керак.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза, сунъий нотекислик бўйича аввал давлат стандарти ишлаб чиқилган, у кейинчалик сунъий йўл нотекислиги тарзида Йўл ҳаракати қоидаларига киритилган. Бундан аввалроқ, маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Жумладан, МЖтКнинг 147-моддаси 1-қисмида автомобиль йўлларида сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратганлик учун фуқароларга БҲМнинг 2 баравари (660 минг сўм), мансабдор шахсларга эса 10 баравари (3 млн. 300 минг сўм) миқдорида жарима назарда тутилган. Кодекснинг 268-4-моддасига кўра, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади ва ишни жиноят ишлари бўйича судга оширади.
Буям қизиқ
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда яна бир муҳим қоида бор. Унга кўра, “... йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик (бундан якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектлари мустасно) фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ёқубжон МАРҚАЕВ.