Супервулқон дунёнинг ярмини йўқ қилиши мумкин
"ОЛОВ ҲАЛҚАСИ"ДА
– Япони ороли Тинч океани "оловли ҳалқаси" ичида жойлашган, – дейди геолог олим Николай Пишляк. – Бу геологик зона тақа шаклида. У Камчаткадан то Курил ороллари, Япония, Филиппин ва Янги Зеландия орқали бутун Тинч океани чеккаларини қамраб олади, нарида Жанубий ва Шимолий Америка қирғоқларига етиб боради. Бу ҳақиқатан "оловли ҳалқа"га ўхшайди. Ичида жуда юқори даражада вулқонли ва тектоник фаоллик кузатилади. Ер юзида зилзилаларнинг 90 фоизи айнан ана шу ғайритабиий зонада содир бўлади. Ҳалқада 328 та ҳаракатдаги вулқон жойлашган.
ОЛОВЛИ ЛАВА СТРАТОСФЕРАГА ЕТИБ БОРАДИ
Супервулқонлар ўчоғи ер юзига анча яқин жойлашган ва улкан магматик резервуар ҳосил қилади. Агар оловли лава бирдан портласа, инсоният 100 квадрат километр радиусда чинакам қиёмат-қойим нималигини кўради.
Аввал магма эрийди ва ер қобиғи қатламини ёриб чиқиб, улкан дўнглик ҳосил қилади. Кейин бу дўнглик жинси ер қаърига ўпирилиб тушиб, сиқилиб турган катта ҳажмдаги магма ва газларни кучли босим билан юқорига улоқтиради: осмонда улкан лава ва кул булути ҳосил бўлади. Бу ерости жинсларининг оловли устуни 50 километр баландликкача отилиб, стратосферагача етиб боради. Бир неча соатдан сўнг самога улоқтирилган кул аста-секин чўкиб, минглаб квадрат ер юзасини қоплайди. Вулқон гази ҳаддан ташқари зарарли олтингугурт бирикмаларидан иборат ва у нафас йўлини бўғади, машина ва механизмлар, электрон аппаратларни ишдан чиқаради. Энг хатарлиси, бу газ қуёш нурини тўсиб қўяди: "Вулқон қиши" бошланади. Бу бало бутун сайёрага таъсир этади ва ўнлаб йилларга чўзиладиган глобал совишга олиб келади.
Т.ШОМУРОДОВ таржимаси.