Сув омбори ҳудудида табиатга қарийб 1,8 миллиард сўм зарар етказилган

Каттақўрғон сув омбори ҳудудида ўтказилган рейд тадбирлари давомида табиатга катта миқдорда зарар етказилгани маълум бўлди.

30 май куни давлат инспекторлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейд ва кузатув тадбирлари жараёнида Нуробод тумани, Пўлатчи маҳалласи, Яккашайид қишлоғида яшовчи фуқаролар Қ.С. ва Х.З. томонидан тақиқланган ов усулидан фойдаланилгани аниқланган. Улар ов қуроли ҳисобланган электр қармоқ ёрдамида 40 та балиқни ноқонуний равишда овлаган.

Мазкур қонунбузарлик оқибатида ҳайвонот дунёсига 1 миллиард 355 миллион 480 минг сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисоб-китоб қилинди.

Шунингдек, ўша куни тунги кузатувлар чоғида мазкур ҳудудда яшовчи фуқаролар Т.Ш. ва Қ.О. томонидан ҳам электр қармоқдан фойдаланиб, тақиқланган усулда балиқ овлангани аниқланди. 12 та балиқни овлаган шахслар ҳайвонот дунёсига яна 424 миллион 360 минг сўм зарар етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.