Сув ва атроф-муҳитни асрашга қаратилган илмий тадқиқотлар учун халқаро грант ажратилиши мумкин
Самарқанд агроинновациялар ва тадиқиқотлар институтига ICARDAнинг CGIAR (Халқаро қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари бўйича маслаҳат гуруҳи) Марказий ва Ғарбий Осиё ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори Али Абусаба бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида қурғоқчилик, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек қишлоқ хўжалигида инновацион, илмий асосланган ечимларни амалиётга жорий этиш ҳамда камбағалликни қисқартириш, иқлим ўзгариши таъсирларини камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ва атроф-муҳитни асрашга қаратилган тадқиқотларни институт ҳамкорлигида бажариш, ушбу йўналишларга грант ажратиш бўйича келишилди.
Юқоридаги келишувларни амалга оширишда Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази яқиндан кўмак беришини билдирди.
Учрашув якунида кейинги босқичда амалга ошириладиган ишлар ҳамда ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган илмий-тадқиқот лойиҳасини бажаришни кейинги ойда кенгайтирилган тартибда изчил кўриб чиқиш белгиланди.