“Сувоқава” ДУКнинг Ургут филиалида талон-тарожликлар аниқланди

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ва Ургут тумани бўлими ходимлари томонидан “Сувоқава” ДУКнинг Ургут тумани филиалига қарашли бўлган сув артезианлари назоратдан ўтказилди.
Жумладан, Ургут туманининг Ватак, Мерганча, Алгар, Қуйи Тегана ва Дўстлик маҳаллаларида жойлашган сув артезианларида электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатлари ўрганилганда бир қатор камчиликлар аниқланди. Ушбу сув артезианларидаги сув иншоотларига ўрнатилган электр ҳисоблагичлар куйиб қолганлиги сабабли қайта ўрнатилмаган ва электр ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонасининг электрон базасига киритилмаган.
Мазкур аниқланган ҳолатлар юзасидан қайта ҳисоб-китоб хулосасига кўра, “Сувоқава” ДУКнинг Ургут тумани филиали мансабдор шахслари томонидан электр таъминоти корхонаси манфаатларига 174 миллион 483 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Бундан ташқари, “Сувоқава” ДУКнинг туман филиали томонидан жорий йилнинг апрель ойи учун 32 миллион 345 минг сўмлик, май ойи учун 32 миллион 260 минг сўмлик, июнь ойи учун 30 миллион 359 минг сўмлик, июль ойи учун 57 миллион 819 минг сўмлик электр энергияси истеъмоли тўғрисида маълумотлар берилган.
Аслида эса филиалнинг мансабдор шахслари томонидан 2019 йил давомида туман электр таъминоти корхонасига тақдим этилган ҳисоботларда мансаб сохтакорлигига йўл қўйилиб, жами 256 миллион 158 минг сўм миқдоридаги электр энергияси истеъмоли яширилиб, ҳисоботларда кам кўрсатилган ҳамда нотўғри ҳисобот тақдим қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Ургут тумани бўлими томонидан “Сувоқава” ДУКнинг туман филиали мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Ургут тумани прокуратурасига юборилган.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.