Сувсизликка, қаҳратон совуққа, аномал иссиққа чидамли, ер танламас, қиммат нархли чилонжийда
Чилонжийда меваси дастлаб бундан 4 минг йил аввал Хитойда ўстирилган. Ундан кейин Ҳиндистон, Афғонистон каби давлатларда ҳам уни маданийлашган ҳолда етиштиришни бошлашган. Ўзбекистонда чилонжийдани ХХ асрнинг ўрталарида экилгани маълум.
Чилонжийда дарахти май ойларида гуллаб, ҳосилга киради. Август ойларига келиб, мевалари пиша бошлайди.
Унинг бир тўпидан 50-60 килограммгача ҳосил олиш мумкин ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида экиб, ўстирилади. Айниқса, Самарқанд вилоятида бошқа ҳудудларга қараганда кенг тарқалган.
Меваси, гули ва барги ҳам фойдали. Чилонжийдани ўта бардошли ўсимликлар сирасига киритиш мумкин. У қурғоқчиликка, иссиққа (+44 даража) ва совуққа (-30 даража) чидамли бўлиб, ўсиш учун деярли ер танламайди.
Чилонжийда ҳар йили ҳосил беради. Унинг мевалари таркибида инсон организми учун керакли бўлган аксарият витамин ва минераллар мавжуд. Хусусан, меваси таркибида 20-28 фоиз шакар, 0,3-2,5 фоиз кислота, 2,93 фоиз оқсил, шунингдек, C витамини 500-600 мг, П витамини 3,5 мг, А витамини бор.
Ушбу меванинг таркибида рутин моддаси кўп миқдорда бўлиб, қон босими ошган кишилар (гипертониклар) учун жуда фойдалидир. Чунки бу витамин организмдаги қон томирларини кенгайтириб, унинг деворларини мустаҳкамлайди.
Рутин моддаси чилонжийдани фақат мевасида эмас, балки баргида, гулида ва пўстлоғида ҳам бўлади.