“Свет” ўчсаям ишлайдиган светофорлар керак!

Ҳар гал аҳвол шунақа – 3-4 томчи ёмғир ёғиши билан электр таъминотида узилиш бўлади. Табиийки, ишга, азим кентга тунд қиёфада йўлга тушасан. Таассуфки, воқеликнинг “ривожи” ҳамиша навқирон шаҳарда давом этади: светофорлар ишламаётган, кўчалар тирбанд...

Тўғри, бундай дамларда тегишли давлат хизматчилари хизматга шай. Аммо шундай бир шароитда - шивалаб ёғаётган ёмғир остида йўл ҳаракатини қўлда тартибга олаётган ЙҲХБ ходимларига ҳам ачинасан киши. Чунки уларнинг бирортасини қўлида қўлқоп кўрмайсан. Камига аксарияти ёзги, нари борса кузги оёқ кийимида. “Ўрнига ўзини қўйиб кўрадиган мард топилди-я”, миянгдан ярқ этиб ўтган ўй кетидан кейинги келади. Замонавий дунёда наҳот биз ҳамон қўлда бошқаришдан нарисига ўтолмаяпмиз?...

Фарғонада февраль ойида мактаблар олдига 22 та қуёш панелли светофорлар ўрнатилгани хабар қилинганди. Бизда-чи?

- Самарқанд шаҳрида “ақлли светофор”лар ўрнатиш бўйича аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилган, - дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Шавкат Бойхўрозов. – Лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратилиши билан ишлар бошлаб юборилади. Худди шундай светофорларни электр таъминотида узилиш бўлмаслиги учун қуёш панеллари ўрнатилиши ҳам режалаштириляпти.

Тушунганингиздек, мутасаддилар ҳаммаси маблағ билан боғлиқ, деган одатий иддаони билдиришмоқда. Аммо машҳур шеърда “ҳар баҳорда шу бўлар такрор”, дейилганидек, ҳар ёғингарчилик давомида айнан қайси светофорларда электр узилиб қолаётгани аниқ-ку. Ва айнан шу кўчалар энг катта транспорт оқимига эгалигини бугун оддий йўловчи ҳам тушуниб бўлган.

Аммо шунга қарамай масалага ечим топиш учун нима кутилаётганини тушуниш қийин. Маблағ йўқ, дейиляпти-ку, тарзида писанда қилишга шошилманг. Чунки қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганларидек, фикримизча, бугун муаяйн ишни амалга ошириш учун пул муаммо эмас. Масалан, замонавий воситалар билан жиҳозланган 10 дона “Кобалть” ва “Нексия-3” русумли машиналар ёрдамида 282 мингдан кўпроқ қоидабузарлик аниқланиб, салкам 72 миллиард сўм жарима ундирилган.

Агар бошқа йўналишда аниқланган жарима суммаларини ҳам қўшсак катта рақам ҳосил бўлишини, унинг муайян қисми вилоятда қолишини ҳисобга олсак, маблағ муаммо эмас, бизнингча.

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасига кўра, йўл ҳаракати қатнашчилари йўл белгилари, шу жумладан, светофорларни ўзгартириш ва ўрнатиш юзасидан ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир бошқа таклифлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Таклифимиз шу: электр таъминотида узилиш бўлганда ҳам ишловчи светофорларни ўрнатинг!

Ё.Марқаев.