Самарқанд шаҳридаги айрим кўчаларда светофор ёниш вақти узайтирилди
Айни кунларда 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш, шаҳар кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўллар кенгайтирилмоқда, кўприклар қурилмоқда, шунингдек, таъмирлаш-реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Шу боис шаҳарнинг бир неча кўчаларида автоуловлар тирбандлиги юзага келяпти, дея Zarnews' га хабар берди Самарқанд шаҳар ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими.
Бунинг олдини олиш мақсадида шаҳардаги Мирзо Улуғбек ва Бўстонсарой кўчалари чорраҳасида, Мирзо Улуғбек йўналиши бўйича светофорнинг яшил чироғи 26 сониядан 35 сонияга, Мирзо Улуғбек ва Шоҳрух кўчалари чорраҳасида Мирзо Улуғбек йўналиши бўйича светофорнинг яшил чироғи 24 сониядан 35 сонияга узайтирилди.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек ва Абдураҳмон Жомий кўчалари чорраҳасида Мирзо Улуғбек йўналиши бўйича светофорнинг яшил чироғи 22 сониядан 35 сонияга, Мирзо Улуғбек ва Маҳмуд Кошғарий кўчалари чорраҳасида Мирзо Улуғбек йўналиши бўйича светофорнинг яшил чироғи 25 сониядан 35 сонияга ўтказилди.
Шаҳарнинг Мирзо Улуғбек ва Огаҳий кўчалари чорраҳасида Мирзо Улуғбек йўналиши бўйича светофорнинг яшил чироғи 25 сониядан 35 сонияга узайтирилган бўлса, Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари чорраҳасида Мирзо Улуғбек йўналиши бўйича светофорнинг яшил чироғи 28 сониядан 35 сонияга узайтирилди.
Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек ва Огаҳий кўчалари туташган қисмида Огаҳий кўчасидан Мирзо Улуғбек кўчасига чиқишни Озод Шарқ кўчасидан чеклаб, Огаҳий ва Озод Шарқ кўчалари кесишмасига 1 донадан "Кириш тақиқланган", "Ҳаракатланиш чапга", "Ҳаракатланиш ўнгга", "Бир томонлама ҳаракатланиш йўли" йўл белгилари ўрнатилди.
Мирзо Улуғбек ва Огаҳий кўчалари туташган қисмида чапга бурилаётган транспорт воситалари учун шароит яратиш мақсадида Мирзо Улуғбек кўчасига 1 дона светофор каллаги ўрнатилди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек ва Шоҳрух кўчалари чорраҳасига ҳокимият йўналишидан ҳаракатланаётган транспорт воситалари Шоҳрух кўчасига юриш учун Мирзо Улуғбек ва Жомий кўчалари чорраҳасига, Жомий кўчасига бурилиш учун Мирзо Улуғбек ва Маҳмуд Кошғарий кўчалари чорраҳасига йўл белгилари ўрнатилди.
Маҳмуд Кошғарий кўчасига бурилиш учун Мирзо Улуғбек ва Мир Саид Барака кўчалари туташган қисмида шаҳар ИИБ томонидан ҳаракатланаётган транспорт воситалари учун Мир Саид Барака кўчасига бурилиш учун Мирзо Улуғбек ва Жомий кўчалари туташган қисмида Жомий кўчасига бурилиш учун Мирзо Улуғбек ва Шоҳрух кўчалари туташган қисмида шаҳар ИИО ФМБ томонидан ҳаракатланаётган транспорт воситалари учун Шоҳрух кўчасига бурилиш учун "Ҳаммага йўл берилиб, ўнгга бурилиш мумкин" йўл белгисини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.