Светофорлар: Уларнинг увол-савобига ким жавоб беради?
Ҳар куни бирор сабаб билан йўлга чиқамиз, табиийки, ҳаракат иштирокчисига айланамиз. Манзилга бехавотир етиб олишимиз учун бир қанча воситаларнинг сифатли бўлиши, талаб даражасида ишлаши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тўғри, бугун йўллардаги ҳолат, айниқса, Самарқанд шаҳрига келадиган бўлсангиз машиналарнинг тирбандлиги кайфиятингизга яхши таъсир қилмаслиги тайин. Айни пайтда бошланган светофорларнинг ишламай қолиши ҳам муаммо бўлиши турган гап. Таъкидлаш лозимки, светофорларнинг фаолияти вақтинча тўхтаб қолиши кунлар совий бошлаши билан одат тусига киради. Ва албатта, турли кўнгилсизликларга сабаб бўлади. Ёмони, шу пайтгача кузатилаётган бу муаммога кўникиб боряпмиз, аслида муаммонинг ечими катта маблағ талаб қилмайди, аксинча маблағни тежашга ва кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Ҳисоб-китоблар нимани кўрсатади?
Хорижда ишлаб чиқарилаётган светофорларнинг нархи мамлакатимизга олиб келиш харажатлари билан ўртача 1000 АҚШ долларига тўғри келади. Бу расмий статистикада берилган рақам. Халқ тилида “СМУ ГАИ”, деб юритиладиган махсус эксплуатация-монтаж корхонаси мутасаддиларининг айтишича, битта чорраҳага светофор ўрнатиш учун ўртача 50-80 миллион сўм пул маблағи сарфланади.
Жорий йилнинг ўтган даврида 19 та чорраҳага светофор ўрнатилганини ҳисобга олсак миллиардни нари-берисида харажат қилингани ойдинлашади. Йил охиригача яна 16-17 та шундай қурилма ўрнатилгач, бир йиллик сарф икки миллиарддан кам бўлмаслигини англаш мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, таклиф этилаётган импорт ўрнини босувчи фотоэлектрик светофорнинг тайёрланиш тан нархи эса хорижда ишлаб чиқарилган светофор нархига нисбатан 50-55 фоиз арзон бўлади. Шунинг ўзиёқ, светофорларни муқобил электр манбаларига улаш қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатиб турибди.
Расмий статистикага кўра, бугунги кунда вилоят ҳудудида 206 та чорраҳада светофор ишлайди. Уларнинг 122 таси Самарқанд шаҳрида жойлашган бўлса, қолган ҳудудларда 1 тадан 14 тагача шундай қурилмалар ўрнатилган.
Қайд этиш лозимки, туманлардаги светофорлар сарф қилган электр энергияси тўлови шундоқ ҳам молиявий танг аҳволда турган ободонлаштириш бўлимлари ҳисобидан амалга оширилади. Самарқанд шаҳридаги светофорлар учун эса вилоят бюджетидан пул ажратилади. Битта светофорга бир кунда ўртача 5-12 Квт электр энергияси сарфланишини ҳисобга олсак, уч рангли қурилмага бир ойда қанча электр ва маблағ кетаётгани ойдинлашади.
Инновацион ечим топиш кимнинг иши?
Мутасаддиларнинг айтишича, светофор қурилмаларини ҳомийлик маблағлари асосида ҳам ўрнатиш мумкин. Таъкидлаш лозимки, у ҳомийлар маблағидан бўлдими ёки маҳаллий бюджет маблағлариданми ИИБ ЙҲХБ мутахассис ходимлари томонидан ўрганиб чиқилади. Айнан улар рухсат бергандан сўнг светофор қўйиш мумкин.
Бироқ на ИИБ ЙҲХБ, на вилоят махсус эксплуатация-монтаж корхонасидан светофор қурилмаларини муқобил энергия манбаларига улаш мумкинми, деган саволга аниқ жавоб ололмадик. Биринчи ташкилот ўрнатиш мумкин ёки йўқлигига жавоб берса, иккинчиси ўрнатиш учун масъуллигини айтишдан нарига ўтмади.
Ажабланарлиси шуки, вилоятда электр энергияси сарфи ва унга тўловларни назорат қилувчи корхона мутасаддилари бунга алоқаси йўқлигини билдирди. Улар ҳатто, Самарқанд шаҳридаги светофорлар бир кунда, бир ойда қанча электр энергияси сарфлашини билмас экан.
Бутун дунёда иқтисодиётнинг «мотори» бўлган электр энергиясидан тежаб-тергаб фойдаланилаётган бир вақтда вилоят электр тармоқлари корхонасида бир ойда мавжуд светофорлар учун қанча тўлов амалга оширилаётгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Республикамизнинг бошқа ҳудудларида инновацион светофорлар ҳақида тез-тез янгиликлар бериб борилмоқда. Тошкентда пиёдаларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пиёдалар бошқарадиган светофор ўрнатилгани ҳақида кўпчилик эшитган. Самарқандда ҳам бир-иккита шундай қурилма ўрнатилди. Албатта, бу эксперимент-синов тариқасида амалга оширилган. Аммо Самарқанддай азим шаҳарда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилаётган бир пайтда нега йўлда асосий восита – светофорларни тўхтовсиз ишлаб туриши ҳақида ўйлаб кўрилмайди?
Қуёш батареясида ишлатиш мумкинми?
Айнан шундай қурилма ўтган йили Фарғона политехника институти талабалари томонидан тайёрланганди. Мобиль, фотоэлектрик автоном светофор шаҳар ва қишлоқларнинг қарама-қарши йўналишда транспорт ҳаракатланадиган йўлларда таъмирлаш ишларини бажариш, махсус тадбирлар ўтказиш, пиёдалар ўтиш хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа ишларни бажаришда транспорт ҳаракатини вақтинчалик тартибга солишга мўлжалланган.
Маълумотларга кўра, мобиль светофор қуёш панели, аккумулятор, оптик светодиодли светофор, тизимни бошқариш ва назорат қилиш электрон блокларидан иборат. Буларнинг барчаси ҳаракатланувчи аравачага ўрнатилган. Электр энергия манбаи бўлган 50 Вт. ли қуёш фотоэлектрик панели, кучланиш 12 Вт ва ток кучи 70 А/соатли аккумулятор орқали светофорнинг тун-у кун бардавом ишлашини таъминлайди. Светофор қизил ва яшил ёнувчи икки секцияли 8 та ёритиш чироқларидан иборат.
Кўчма светофор қуёшсиз ҳолатда ҳам аккумуляторлар орқали 14 соатгача ишлаши мумкин, дейилганди хабарда.
Фарғоналик талабалар яратган мазкур қурилмани Самарқанддаги ҳар бир мактаб ва болалар боғчаси учун харид қилиш қанча муаммога чек қўйишини мутасаддилар қачон ўйлаб кўришаркан?! Шундай қурилмани ўзимизда, кўҳна кентда тайёрлашни йўлга қўйиш ҳақида-чи?
Светофор давлат харидлари учун Тошкент ва Самарқанддагина ишлаб чиқариларкан. Тадбиркорларнинг айтишича, Туркияда аксарият светофорлар қуёш панеллари асосида ишларкан. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, буюртмачиларнинг талаби ва ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиққан ҳолда светофорнинг конструкцияси, функцияси, чироқларнинг ёниш вақтлари ва интервалларини ўзгартириш мумкин.
Энг муҳими, замон талабларидан келиб чиқиб, светофорни масофадан бошқариш тизимига ўтказиш мумкин. Аммо бунга ҳафсала ва журъат қиладиган масъул ёки мутасадди ҳозирча топилгани йўқ. Кутамиз ва умид қиламиз.
Ё.МАРҚАЕВ.