Битта светофорни ўрнаттириш учун қарийб ярим йил кетди

Воқеа Самарқанд шаҳрининг қоқ маркази - Университет хиёбонига туташ ҳудудда бўлган.

Аслида 2019 йил 24 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги Нуробод маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Абдуаҳад Шодиев вилоят телерадиокомпаниясининг “Очиқ мулоқот” кўрсатуви орқали Акбар Отахўжаев ва Орзу Маҳмудов кўчалари кесишмасида светофор ўрнатиб бериш бўйича мурожаат қилган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ қайд қилинган чорраҳада пиёдалар ва транспорт воситаларининг ҳаракати жадаллиги кескин ошиб кетганлиги сабабли ГОСТ-23457-86 давлат стандарти талабларига асосан светофор ўрнатиш лозим, деб топилган. Шу асосда ушбу ишларни белгиланган тартибда режага киритиб, ижросини таъминлаш юзасидан вилоят махсус эксплуатация-монтаж корхонасига топшириқ берилган. Бу бўйича фуқарога вилоят ИИБ ЙҲХБнинг 2019 йилнинг 12 ноябрь санасида жавоб хати йўлланган.

- Орадан икки-уч ой ўтганига қарамай, светофор ўрнатилмагач, аҳоли менга мурожаат қилди, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ш.Жўрақулов. - Дастлаб ҳолатни батафсил ўргандим. Бунинг учун 2020 йилнинг 10 февралда вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғига депутатлик сўрови йўллаб, батафсил тушунтириш олдим.

Ҳаммаси тушунарли, муаммо аниқ, гап фақат уни ҳал этишда, аниқроғи светофорни ўрнатишдагина қолган. Шу боис, нима учун ўз вазифасини бажарилмаётганлиги юзасидан изоҳ сўраб, вилоят махсус эксплуатация-монтаж корхонаси бошлиғига 2020 йилнинг 30 март санасида депутатлик сўрови йўлладим. Лекин корхона томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмади.

Ориятим келди, ортингда шунча одам ишонч билан умид қилиб қараб турса-ю, муаммо юзасидан жилла қурса тушунтириш берилмаса. Бундай беписандлик шахсиятимгагина тааллуқли бўлса бир нави эди. Аммо одамлар қийналяпти, муаммо газак олиб, бошқа кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис депутат халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Э.Турдимовга масалани ижобий ҳал қилиш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Табиийки, мурожаат Кенгаш раиси томонидан эътиборга олиниб, бугунги кунда юқорида номи зикр этилган масканга светофор ўрнатилиб, ишга туширилди.

Энди воқеликнинг давомини эшитинг. Депутат сўровига беписандлик амалдаги қонунларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Шунга доир Ш.Жўрақулов вилоят махсус эксплуатация-монтаж корхонаси бошлиғининг депутатлик сўровига жавоб бермаганлиги ҳолатини батафсил ўрганиш ва қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун прокуратура органларига хат тақдим қилмоқчи.

Воқеалар давомини биз билан кузатинг!