СCВ: Тарвуздан заҳарланмаслик учун уни қандай тўғри танлаш керак?
Ўлкамизга ёз кириб келиши билан мавсумнинг энг севимли маҳсулоти – тарвуз савдоси қизигандан қизийди. Сабаби жазирама кунларда тамадди учун ушбу резавордан фойдалироқ ва енгил ҳазм бўлувчи маҳсулотни танлов қилиш мушкул.
Аммо, кимёвий ўғитлар билан ҳаддан ортиқ ишлов берилган тарвузлар инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин.
Хўш, дориланган тарвуз нимаси билан зарарли? Уни қандай фарқлаш мумкин?
Ушбу саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бўлим бошлиғи А.Шукуров жавоб берди.
— Тарвуз ёз фаслида энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан бири. Унинг таркибида организм учун фойдали бўлган минерал ва витаминлар бисёр, — дейди мутахассис. — Ушбу резавор 92 фоиз сувдан иборат бўлиб, нафақат чанқоқни қондиради, балки саломатлик учун ҳам жуда фойдали. Хусусан, тарвуздаги калий ва магний асаб тизими ва мия фаолиятига ижобий таъсир этади.
Унинг антиоксидантлик хусусияти жуда юқори бўлиб, таркибидаги ликопин, А, В, C каби дармондорилар ҳамда картоноид яллиғланиш ва эрта қаришга тўсқинлик қилади. Шунингдек, бу маҳсулот юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилаб, қон босимини пасайтиради ва холестерин даражасини назорат қилади.
Аммо бу жараёнда эҳтиёткорликни унутмаслик, айниқса, тарвуз сотиб олаётганда маҳсулотнинг бутунлигига, чиримаганига ва кимёвий ўғитлар билан меъёрдан ортиқ тўйинтирилмаганига эътибор қаратиш керак. Афсуски, бугун кўпчилик деҳқонлар ушбу маҳсулотни етиштиришда азотли ўғитлардан ҳаддан ортиқ кўп фойдаланади. Бу эса тарвуздан заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин.
Агар кимдир таркибида нитрат моддаси меъёрдан ортиқ бўлган тарвуз истеъмол қилса, унинг нохуш белгилари 4-6 соатдан кейин пайдо бўлади.
Бундай ҳолатда кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, қорин ва бош оғриғи, тана ҳароратининг 38-39 даражагача кўтарилиши, қон босимининг пасайиши, юрак уришининг секинлашиши ҳамда қўл-оёқларнинг совқотиши, тери рангининг ўзгариши (кўкариш) каби аломатлар кузатилиши мумкин.
Агар заҳарланиш белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Бу ҳолатга юзаки қараш мумкин эмас, ўзини-ўзи даволаш қатъиян ман этилади.
Шунингдек, бу нохуш ҳолатдан ўзимиз ва яқинларимизни ҳимоя қилиш учун айрим жиҳатларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Хусусан, тарвуз харид қилаётганда, аввало, маҳсулот манбаи, унинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи тегишли рухсатномани талаб қилиш, унинг бузилмаганига ишонч ҳосил қилиш зарур. У шикастланмаган, ёриқларсиз, қораймаган ҳамда моғорламаган бўлиши керак. Тарвуз кесилганда ранги тоза қизил ва ўзгармаган бўлади. Тановул қилишдан аввал тарвузни албатта яхшилаб ювиш лозим.
Тарвуз ҳолатининг яна бир муҳим кўрсаткичи қизил қисмидаги томирлар рангидир. Агар улар сариқ ёки бинафша тусда бўлса, бундай маҳсулотдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки у тўлиқ пишмаган ёки нитратнинг таъсири бўлиши мумкин. Қолаверса, тарвуз устидаги чизиқлар аниқ ва бир-бири билан аралашиб кетмаган бўлиши керак. Хиралашган чизиқлар унинг нитрат билан тўйинганидан далолат беради, дея хабар берилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги телеграм саҳифасида.