Таълим ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш

Сурайё НОРМУРОДОВА,
Самарқанд шаҳри.

– "Нотариат тўғрисидаги" қонуннинг 65-моддасига асосан, нотариуслар жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини ушбу ҳужжатлар қонунга зид бўлмаган, юридик аҳамиятга эга бўлган ҳамда уларнинг нусхалари ва улардан олинган кўчирмаларининг тўғрилигини шаҳодатлаш қонун билан тақиқланмаган ҳолда шаҳодатлайди. Фуқаронинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳоллар бундан мустасно. Матни ноаниқ бўлган, ўчирилган, қўшимча сўзлар ёзилган, лекин буларга изоҳ берилмаган ҳужжатлар нусхаси шаҳодатлантирилмайди, ҳужжатнинг шаҳодатлайдиган нусхаси ҳужжат асл нусхаси билан солиштириб чиқилади ва асл нусхаси нотариал идорада қолдирилмайди. 
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 декабрдаги қарори билан 52 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида жисмоний ва юридик шахслардан ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхаларини олиш амалиёти бекор қилинмоқда. Ҳужжатда қайд қилинишича, эндиликда жисмоний ва юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларнинг нусхалари давлат хизмати кўрсатувчи орган томонидан тасдиқланиб, асл нусхаси қайтариб берилади. Ҳужжат нусхаларини нотариал тасдиқлатиш амалиёти чет элдаги ҳаракатлар учун зарур бўлган, хорижий давлатлар органлари томонидан тасдиқланган ёки берилган, апостиль қўйиладиган ва белгиланган тартибда легаллаштириладиган, шунингдек, қонунда тўғридан-тўғри назарда тутиладиган ҳужжатлар учунгина сақланиб қолинмоқда. 

Саволга Самарқанд шаҳар
17-сон давлат нотариал
идораси нотариуси
Лола АЛИЕВА жавоб берди.