Таълим – тараққиёт таянчи
Муаммони Қандай ечиш мумкин?
Шу тадбирнинг ўзи мактабларда ҳам, олий ўқув юртларида ҳам ёшларнинг ўқишга, ўқиганда ҳам аъло ўқишга қизиқишларини, масъулиятини сезиларли даражада оширади. Биринчи курснинг ўзидаёқ ўқишга ҳаваси бор, лекин қобилияти етарли бўлмаган тасодифий талабаларни институтдан четлаштириш, иккинчи курсга фақат олий маълумот олишга лаёқатли ёшларни саралаб олиш имкони яратилади.
Ҳозирги кунда битирувчиларни якуний давлат аттестациясидан (ЯДА) ўтказиш амалиёти ҳам яхши самара бермаяпти. Бу босқичда кўпинча "Шунча йил ўқиди, энди диплом бермасак бўлмас" қабилидаги ўринсиз мулоҳазалар устунлик қилади. Бу ерда муросасозликдан кўра малакаси паст талабани тайёрлаган, унга керакли билимларни бера олмаган ва давлат аттестациясигача уни "етаклаб" келган, ўз хулқ-атвори билан таълим сифатига жиддий ва жуда катта зарар етказаётган мутасадди шахсларнинг жавобгарлиги масалаларини, талабанинг шундай аҳволга тушганлигининг чуқур сабабларини ўрганиш муаммоларини кун тартибига қўйиш катта самара беради. Талаба неча йил ўқиганлигига қарамасдан, ЯДА имтиҳонларига баҳо қўйишнинг ягона мезони талабанинг ўқиган йиллари эмас, давлат таълим стандартлари бўлмоғи шарт. ЯДАнинг кучайтирилиши, унинг битирувчилар билимини холисона баҳолашнинг самарали воситасига айлантирилиши ўқиш жараёнида қўйилган баҳо учун профессор-ўқитувчиларнинг ҳам, олган баҳоси учун ўқувчиларнинг ҳам масъулиятини оширади. Таълим сифати кескин кўтарилади.
Кўпинча олий ўқув юртига талабалар қабулини ташкилот ва корхоналарнинг талабидан келиб чиққан ҳолда белгилаш масаласи қўйилади. Қуруқ расмиятчиликдан бошқа натижа бермаётган бу самарасиз амалиётдан тамомила воз кечиш ва бозор иқтисодиёти шароитида институтга қабул миқдорини бозор механизмлари орқали тартибга солиш масалаларини жиддий ўйлаб кўриш зарур. Айниқса, ўз маблағлари ҳисобидан ўқийман, деган ёшларнинг йўлида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги, диплом олишнинг асосий шарти ЯДА синовларидан муваффақиятли ўтиш бўлмоғи лозим.
Билим сифати яхши бўлган ҳар бир олий маълумотли мутахассис – жамиятимизнинг бойлиги. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, уларнинг сони қанча кўп бўлса, шунча яхши, деган тамойилга асосланиб иш тутмоғимиз лозим. Агар уларнинг сони корхона ва ташкилотлар талабидан жуда ошиб кетса, ишга жойлаша олмаган битирувчилар тадбиркорлик билан шуғулланадилар, ўзларининг билимларига таяниб, юқори кўрсаткичларга эришадилар. Қанча ёшларимиз хорижда меҳнат қиляпти. Агар шуларда диплом, энг муҳими, шу дипломга мос кучли билим бўлса, қанча яхши ижобий самарага эришиш мумкин бўлар эди. Улар хорижда мутахассис сифатида ишлаб, ўзларига ҳам, жамиятимизга ҳам катта наф келтиришлари муқаррар.
Таълим тизимида мавжуд негатив ҳолатларнинг тамагирлик ва порахўрлик иллатларини бартараф этишда таълим муассасаси раҳбарларининг роли беқиёс. "Қуш уясида кўрганини қилади", деганларидек, жамоа аъзолари одатда раҳбарга тақлид қилади, унга мос иш тутади, талабларини бажариб, буйруқ ва кўрсатмаларига итоат қилади. Раҳбар талабчан, ўз хатти-ҳаракатларида шаффоф бўлган таълим муассасаларида жамоа аъзолари ҳам унга муносиб иш тутишга, ножўя ишлардан ўзларини тийишга интилади. Шу сабабли таълим муассасаларига раҳбарларни танлашда уларнинг ана шу хислатларига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Табиатан пок, суяги тоза, халқ манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўя биладиган, Яратганнинг олдида гуноҳ қилишдан, жамият, давлат олдида хиёнат қилишдан ўзини тия оладиган, озгина бўлса ҳам охиратни ўйлайдиган, имони бутун, иродаси мустаҳкам, инсофли, диёнатли, виждонли, масъулиятли, кўпни эргаштира оладиган, ишнинг кўзини биладиган раҳбар жамоани тўғри йўлга бошлайди ва жамоада адолат ўрнатади. Ана шу талабларга жавоб бермайдиган раҳбарлар лавозимидан зудлик билан четлаштирилиши ва қолганлар учун бу сабоқ бўлмоғи лозим.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида, шунингдек, уни амалга муваффақиятли ижро этишнинг муҳим шарти сифатида мамлакатимизда таълим сифатини тубдан яхшилашнинг ҳар томонлама пухта ўйланган яхлит тизими ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий этилиши лозим. Бир мақолада унинг барча тафсилотлари ва деталларини баён этишнинг иложи йўқ. Умумий ҳолда ушбу комплекс чора-тадбирлар халқимизнинг менталитетини ва таълим соҳасида бой тарихи ҳамда анъаналарини ҳисобга олиш, ўқувчи-талабалар билимини баҳолашнинг холисоналаштириш асосида ёшларни билимга рағбатлантириш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар, айниқса, бюджет ҳисобидан ўқийдиган талабалар сонини кўпайтириш, олий таълимда давлат монополиясига барҳам бериш ва рақобат муҳитини яратиш керак. Бунинг учун таълим муассасаларининг мустақиллигини кескин ошириш ва уларнинг билим сифати учун жавобгарликни кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақини ошириш (камида 2-3 баробар), уларнинг меҳнат натижаларини рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш ва билимдон, юқори малакали мутахассисларни тарбиялашда шахсий масъулиятини оширишдек муҳим масалаларни ўз ичига олмоғи лозим.
Мурод Мухаммедов,
иқтисод фанлари доктори,
СамИСИ профессори.