Таълим – тараққиёт таянчи

(Бошланиши газетанинг ўтган сонида)

Масъулият кимнинг зиммасида?

Демак, ёшларни ўзлари учун қизиқарли бўлган машғулотларнинг бир қисмидан воз кечиб, жамият учун муҳим бўлган билимларни ўзлаштиришга вақт ажратишга мажбур қиладиган, уни рағбатлантирадиган, чинакамига қизиқтирадиган восита керак. Бу ҳам бўлса, унинг билимига қўйиладиган баҳо. Модомики, амалдаги таълим тизими ёшларимизга шу баҳони унча бошини қотириб ўтирмасдан, қаттиқ зўриқмасдан ҳам олишга имконият яратиб бераётган экан, нима учун ёшлар ундан унумли фойдаланмаслиги керак? Бизнинг образли тилимизда бундай соддаликни фақат афанди ўзига раво кўриши мумкин. Сохта баҳо боланинг руҳиятига катта салбий таъсир кўрсатади, унинг билим олишга бўлган иштиёқини, қизиқишини сусайтириб юборади. Амалдаги билимни баҳолаш тизимидаги нуқсонлар оқибатида ёшларимиз пухта билим эгаллаш имкониятидан маҳрум бўлмоқдалар.

Учинчи томон – ёшларимизга билим бераётган педагоглар, профессор-ўқитувчилар. Улардан давлат, жамият билимдон ва юқори малакали кадрлар тайёрлаб беришни талаб қилади. Лекин амалда бу талабни ижро этишнинг самарали механизмлари яратилмаган. Мактабда яхши ўқиб, бакалавриатура, магистратура, докторантура, не-не машаққатлар билан диссертация ёқлаб, охир-оқибатда 200-300 доллар иш ҳақига эга бўлган профессор-ўқитувчига нисбатан талаба-ўқувчилар билимини объектив баҳолаш мезонларини қўллашга эришиш жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Кечагина ўзи ўқитган талаба институтни битиргач, дўкон ё цех очиб ёки қўшма корхонада ишлаб, мажбурий ижро, ички ишларда хизмат қилиб, ундан 2-3 марта кўп маош олиб турган бўлса, бунинг устига устознинг олган иш ҳақи тирикчилигига ҳам етмай турган бўлса, у юзага келган муаммони ечиш йўлларини излаб топишга мажбур бўлади. Бу ерда гап фақат моддий рағбатда эмас. Одатда олимлар, ўқитувчилар ўз табиатига кўра сабр-қаноатли, бардошли бўладилар. Лекин жамият уларнинг меҳнатини, билимини қадрламаганлигидан изтироб чекадилар, маънавий жиҳатдан эзиладилар, ўзларини камситилгандай ҳис қиладилар. Ваҳоланки, инсон капитали қадрланадиган Fарб мамлакатларида профессор-ўқитувчилар иш ҳақи даражаси бўйича энг юқори ўринлардан бирида турадилар. 

Бизнинг юртимизда эса ҳозирги кунда профессор-ўқитувчилар ўз даромадларини оширишлари учун иккита йўл мавжуд. Биринчиси – асосий ишига қўшимча равишда тадбиркорлик билан шуғулланиш, иккинчиси эса ғайриқонуний йўллар билан иш ҳақининг етишмай турган қисмини тўлдириш. Ҳар иккала йўлдан қай бирини танлаш ҳар кимнинг виждонига боғлиқ. Тадбиркорлик орқали даромадларни кўпайтириш қўшимча меҳнат, вақтни талаб қилади. Бундай қобилиятни оллоҳ насиб этмаган ўқитувчи катта таваккалчилик билан боғлиқ бўлган тадбиркорлик фаолиятидан даромад топиш ўрнига, боридан ҳам айрилиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас. Тадбиркорлик қобилияти устун ривожланган кишилар ҳозирги иш ҳақи даражасида олим бўлишни унча ҳавас қилиб ҳам ўтирмайди ва имконият бўлса, таълим соҳасини тарк этишга интилади. Устига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, даромад топиш учун озгина бўлса-да, жамғарма ва кредит олиш учун имконият ҳам бўлмоғи керак. Лекин бундай имкониятнинг ўзи ҳаммада ҳам мавжуд бўлавермайди.

Ана шу сабабларга кўра айрим кишилар иккинчи йўлдан боришни афзал кўрадилар. Талаба-ўқувчиларнинг билимини баҳолашда профессор-ўқитувчиларнинг жавобгарлиги ҳамда сифатли билим беришини рағбатлантиришнинг самарали механизмлари яратилмаган ва бу уларга йўқ билимга ҳам ижобий баҳо қўйиш имконини беради. Энг ачинарлиси шундаки, баъзан қўшимча даромад топишнинг иккинчи йўлини маъқул топган, билимни баҳолашда объективлик тамойилларини қўпол равишда бузаётган, давлатнинг таълим сиёсатига хиёнат қилаётган ва ўз қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришлари керак бўлган профессор-ўқитувчилар давлат ёки раҳбарият мукофотлари билан тақдирланадилар. Натижада профессор-ўқитувчининг билим сифатини оширишга эмас, балки уни пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларини рағбатлантириш самараси юзага келади. Оқибатда бўлажак мутахассисларга мукаммал билим беришлари керак бўлган мутасадди шахслар уларга керакли билимларни бермаяптилар. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, нафақат иккинчи, балки биринчи йўл ҳам таълим сифатига жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Чунки устоз ўзининг асосий иши билан шуғулланиш, эртаю кеч ўз устида ишлаш, малакасини ошириш ўрнига иккинчи даражали ишлар билан банд бўлади.

Тўртинчи томон – ҳурматли ота-оналар. Таълим сифатини тубдан яхшилаш муаммосини ҳал этишда, уни юртимиз равнақининг етакчи, бош омилига айлантиришда ота-оналаримизнинг роли беқиёс. Ота-оналарнинг таълим сифатига таъсири иккиёқлама кучга эга.
Биринчидан, жондан азиз фарзандига дунё-дунё яхшиликни раво кўрганлиги учун уни болалигидан яхши ўқишга, билимли бўлишга даъват қилади, ибратли насиҳатлар беради, шароит яратади, талаб қилади. Ота-оналарнинг бу хулқ-атвори билим сифатига ижобий таъсир кўрсатади. 

Иккинчи томондан, айнан ота-оналар юртимизда таълим сифатининг пасайиб кетишига асосий сабабчи бўлмоқдалар. Чунки ота-оналар ўз фарзандларига нисбатан яхшиликни раво кўришда соғлом ақл чегарасидан ҳам нарига ўтиб кетмоқдалар ва фарзандларида билим ва қобилият етмай қолган ҳолларда, ўзларининг барча имкониятларини (амал, таниш-билиш, ошна-оғайни, пул ва ҳоказо) ишга солмоқдалар. Ота-оналарнинг бу хатти-ҳаракатлари салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Биринчидан, мамлакатда таълим сифати пасайиб кетади, иқтисодий юксалиш бўлмайди. Бунинг зарбали салбий оқибатларини бутун жамият ва шу жамиятнинг аъзолари сифатида ота-оналарнинг ўзлари ҳам кўрадилар. 
Иккинчидан, зўравонлик, ошна-оғайничилик билан ўқишга жойлаштирилган ёшлар давлат таълим стандартлари талаби даражасидаги билимларни мукаммал ўзлаштиришни уддалай олмайдилар.

Мурод Мухаммедов,
иқтисод фанлари доктори,
СамИСИ профессори.
(Давоми бор).