Таълимда инновация ва ҳамкорлик мутахассис-олимлар муҳокамасида

Унда мамлакатимизнинг 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари олимлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари мутасаддилари иштирок этди.

Конференцияда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда умумтаълим муассасаларида узлуксиз таълимнинг сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган илмий, услубий ишланмалар, яратилган дарслик ва ўқув қўлланмалари, ахборот-коммуникация ҳамда педагогик технологияларни ўқув жараёнларида қўллаш ишлари мутахассислар томонидан муҳокама этилди.

– Президентимизнинг 2017 йил 26 сентябрдаги "Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори узлуксиз таълимни ривожлантиришнинг ижтимоий-сиёсий, педагогик, илмий-услубий ҳамда молиявий асосларини яратиш баробарида унинг ҳуқуқий асосларини ҳам таъминлаб берди, – дейди Тошкент аграр университети академик лицейи директори Р.Турдибоева. – Шу нуқтаи назардан академик лицей, касб-ҳунар коллежлари фаолияти, битирувчиларнинг ишга жойлашуви ёки олий таълим муассасаларига ўқишга кириши, улардаги таълим мазмунини бойитиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжудки, бугунги конференция ана шу нуқсонларни бартараф этиш чоралари бўйича мулоҳаза билдириш имкониятини яратгани билан аҳамиятли бўлди.

Анжуманнинг малакали кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари, чет тилларни ўқитиш, инновацион технологиялар, ахборот таълим ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳамкорлик доирасида илмий ишлар кўламини кенгайтириш каби шўъбаларида ўнлаб маърузалар тингланди. Муҳокама этилган мавзу ва масалалар юзасидан тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.