Табассум қилинг, 7 мўъжизани қўлга киритасиз!
1. Бахт ато этади, ҳатто, кайфиятингиз йўқ бўлса ҳам!
Мия фаолияти бевосита танамиз билан боғлиқлигини биласиз-а? Бир бор кулдингизми, мияга «Сиз бахтлисиз!» деган хабар бориб тушади. Натижада организм турли хил эндорфинларни ишлаб чиқара бошлайди ва ўз-ўзидан кайфиятингиз кўтарилади. Бу ҳақиқат 1980 йилда аниқланиб, илмий тасдиғини топган.
2. Атрофдагиларга қувонч улашасиз.
Кулгу — юқумли. Ахир сиз жилмайсангиз, ўз-ўзидан ёнингизда дугонангиз, ҳатто, нотаниш одам ҳам кулиб қўяди. Тўғрими? Хўш кейин-чи, дейсизми? Юқоридаги биринчи ҳодиса рўй бериб, ён-атрофингиздагилар ҳам хурсанд бўлади.
3. Жозиба бағишлайди!
Чиройли табассум кишининг гўзал ва кўнгли тозалигидан далолат. Айниқса, аёллар, қизларимиз доим кулиб юришлари шарт. Ишга қабул қилишаётганда, учрашувда, нозиктаъб бегингизнинг жаҳли чиққанда... бир кулиб қўйинг-чи? ҳаммаси ижобий ҳал бўлади.
4. Тушкунликни мағлуб этади.
Кун жуда оғир ўтди... Чоп-чоплардан чарчадингиз, деди-дедилардан асабийлашдингиз. Кўзгуга қараб, ҳорғин чеҳрангизга кўзингиз тушиб, барча муаммоларингиз хаёлингизга ёпирилиб келади. Тушкунлик ўз домига тортаяптими? Қани, бир жилмайиб қўйинг-чи. Кулиб турган аксингизнинг ўзи қувончли онларингизни эсга солади. Ва миянгизга сигнал боради. Стресс чекинади.
5. Пардоз-андоздан ҳам аъло!
Агар сиз маромига келтириб пардоз қилсангиз-у, аммо кайфиятингиз тунд бўлса, бундан не наф? 69 фоиз кишиларнинг таъкидлашича, аёлни кулгу ҳар қандай пардоз воситасидан кўра чиройли ва ёш кўрсатаркан.
6. Соғломлаштиради!
Табассум иммун тизими фаолиятига ижобий таъсир қилади. Қачонки сиз кулсангиз, кучга тўласиз. Олимларнинг аниқлашича, чин дилдан кулиш организмни ёғлардан халос этиб, мускулларни мустаҳкамларкан. Танада қон айланиши яхшиланади, тинч ором оласиз. Ҳатто турли инфекциялардан ҳам асраркан. Қон босими ошиши, юрак сиқилишининг олди олинади, қондаги қанд миқдори нормаллашади. Энди ҳам кулмасангиз бўлмайди.
7. Омад кулиб боқади!
Ахир айтишади-ку «ҳаётга кулиб боқсанг, у ҳам сенга кулади», деб. Одатда негадир биз жиддий қиёфадаги кишини ўзига ишонган, деб ўйлаймиз. Аксинча, кулиб турган, сизга доим жилмайиб жавоб берадиган инсонинг ўзига нисбатан ишончи баланд бўларкан. Ўзига ишонган киши эса ҳаётда ўзи истаган марраларни забт эта олади.