Табиатни асрашга бағишланган санъат: Самарқандда халқаро ҳайкалтарошлар жамланди
Самарқандда бошланган йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдони тартибга солиш тўғрисидаги конвенция (CITES) Томонлар конференциясининг 20-сессияси (CITES CoP20) доирасида “Самарқанд – 2025” IV халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми ўтказилмоқда.
“Бизнинг сайёрамиз – бизнинг уйимиз!” шиори остида ташкил этилган симпозиумда дунёнинг ўнга яқин давлатидан келган машҳур ҳайкалтарошлар 12 та эскиз бўйича гранит тошдан санъат асарлари яратмоқда. Бу асарлар 150 нафар ҳайкалтарошнинг танловга тақдим этган 300 дан ортиқ эскизлари орасидан танлаб олинган.

— Ҳар бир асарда тарих, маданият ва ўзига хос меъморий қиёфа акс эттирилмоқда, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси масъул ходими Ботир Ҳакимов. — Бу симпозиум нафақат давлатлар ва ижодкорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди, балки инсониятни ўйлантираётган экологик муаммоларга биргаликда ечим излашга хизмат қилади.
Симпозиум шу йилнинг 7 ноябрида бошланган бўлиб, бир ой давом этади ва ҳайкалтарошлар “яшил келажак”, “инсон ва табиат уйғунлиги”, “планетамизни асраш масъулияти” ҳамда "Самарқанд руҳи" мавзуларида ҳайкалтарошлик маҳоратини кўрсатади.

Яратилган ишлар Самарқанд ва Тошкент шаҳридаги жамоат масканлари, боғлар ва маданий майдонларда аҳолининг экологик маданиятини шакллантиришга хизмат қирувчи кўргазмага айланиши режалаштирилган.

Самарқанд 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ва “Самарқанд руҳи” лойиҳаси доирасида илк бор халқаро ҳайкалтарошлик симпозиумига мезбонлик қилган эди.