Табиий офат натижасида зарар кўрган тадбиркорлар солиқлардан озод этилади
Кеча, 24 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилиши белгиланяпти.
Шунингдек, лойиҳада Сурхондарё вилояти бўйича Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида янгидан ташкил этган ҳолда шу ҳудудларда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромад солиғини тўлашдан озод қилиш назарда тутилмоқда.
Мамлакатимизнинг табиий офатлар натижасида катта зарар кўрган ҳудудлардаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда айрим ерлари шўрланган ҳудудларда яшовчи фуқароларга солиқ тўловларидан енгилликлар яратиб бериш орқали мазкур ҳудудда яшовчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга туртки бўлади.
Депутатлар таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли орасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳар хил талқин қилинишининг олдини олишга, хорижий инвесторларни жалб қилишга, тадбиркорлик муҳити жозибадорлигининг ошишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.