Табиий офатларга тайёр туриш "совуқ нафас" эмас

Маълумотларга кўра, ҳар куни дунёда ўртача 200 га яқин киши табиий офат қурбони бўлади. Шунга қарамай уларнинг олдини олишнинг аниқ кўрсатмаларини ишлаб чиқиш муаммолигича қолмоқда. Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 2017  йилдаги резолюциясига асосан ҳар йилнинг 13 октябрь санаси Халқаро ҳалокатлар хавфини камайтириш куни деб эълон қилинган.

Ҳеч бир мамлакат йўқки, фавқулодда вазиятлардан тўла кафолатланган бўлса. Табиий офатнинг катта-кичиги бўлмайди ва у мавсум танламайди. Айрим мамлакатларда жазирама иссиқ хавф туғдирса, баъзи ўлкаларда кутилмаганда сел ва сув тошқинлари юз бермоқда. Ер силкиниши, аномал совуқ биз учун ҳам янгилик эмас.

Шундай экан, ҳар бир инсон фавқулодда вазиятлар юз беришига, хусусан, табиий офатларга доимо тайёр туриши, ундан муҳофазаланиш қоидаларини билиши лозим. Бунинг энг самарали усули эса фуқароларни ёшлигидан тайёрлаб бориш ҳисобланади. Халқаро тажриба ҳам шуни кўрсатмоқда.

Хўш, бу қандай амалга оширилади? Биринчи навбатда, умумтаълим мактабларида табиий офатлардан муҳофазаланиш бўйича махсус машғулотлар ўтилиши йўлга қўйилиши керак. Шунингдек, ота-оналар ҳам унинг тартиби ва талабларини билиши, уй шароитида фарзандларига ўргатиши мақсадга мувофиқ. Тўғри ва тартибли ҳаракат нафақат ўзингиз, балки бошқаларнинг хавфсизлигига ҳам хизмат қилади.

Мисол учун, зилзила вақтида кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқароларнинг кўпчилиги зинапояга югуриб чиқади. Аслида бу хато. Чунки кўп ҳолларда зилзила вақтида айнан шу қурилмалар биринчи навбатда қулайди. Иккинчи қаватдан юқорида яшовчилар ҳеч қачон лифт ёки зинапояларга қараб югурмаслиги керак. Бундай вазиятда уйнинг эшигини очиб, унинг ўрнига туриш лозим. Мактаб ўқувчилари эса парталар тагига кириб, ойнага тескари ўгирилиб, бошлари ва юзларини қўллари билан беркитиб олишлари зарур.

Гувоҳи бўлганингиздек, хавфсизлик қоидалари у қадар қийин эмас. Фақат уларни доимий такрорлаб, ёдда тутиб борсак, кутилмаган офатлар вақтида ишлатишимиз мумкин бўлади.

Анвар ТУРДИҚУЛОВ,

вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси

ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув маркази ходими.