Тадбир баҳона газета тарихи ва тарихий шахслар эсланди
Бугун нафақат Самарқанд вилояти, балки республика ижодкорлари Нарпай туманида жам бўлди. Улар “Навқирон Нарпай” (“Пахтакор овози”) газетасининг биринчи сони чоп этилганига 90 йил тўлгани муносабати билан ўтказилган ижодий учрашувда иштирок этди.
Тадбир вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Нарпай тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбир меҳмонлари дастлаб, Ислом Шоир ҳамда Бектош Раҳимов мангу қўним топган масканда бўлишиб, ушбу шоир, давлат ва жамоат арбоблари хотирасини ёд этишди, Қуръон тиловат қилиниб, қўй сўйилди.
Тадбир иштирокчиларини кейинги манзили “Навқирон Нарпай” газетаси таҳририяти биноси бўлди. Тадбирга таклиф этилган таҳририятда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди ва улар билан ижодий мулоқот қилинди.
Шунингдек, меҳмонлар Бектош Раҳимовнинг уй-музейи ҳамда Оқтош шаҳридаги Президент мактабида ҳам бўлишди. Тумандаги ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди.

Шундан кейин Нарпай тумани ҳокимлигининг мажлислар залида фахрий журналистлар, Самарқанд шаҳар ва туманлар газеталари муҳаррирлари, муштарийлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг "Навқирон Нарпай" газетасининг 90 йиллиги муносабати билан йўллаган табригини вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Темиров ўқиб берди ва таҳририят жамоасига эсдалик совғасини топширди.

Нарпай тумани ҳокими Шерзод Раҳмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, “Навқирон Нарпай” газетаси муҳаррири Тошпўлат Тошмуродовлар газета тарихига оид маълумотлар беришди. Таъкидланишича, 1932 йилда Султонов имзоси билан “Қизил Норпой” газетасининг илк сони чоп этилган. 1961 йилда газета “Пахтакор овози” деб ўзгартирилган. Газета 2022 йилдан бошлаб халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгашининг қарорига кўра “Навқирон Нарпай” номи билан нашр этилмоқда.

Тадбирда Нарпай фарзандлари - шоир ва журналист, матбуот фахрийси Ўктам Мирзаёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова тадбирга ўз чиқишлари билан янада файз киритди.
Ҳусан Элтоев.