Тадбиркор ёлғиз аёл – Муҳаббат Бобоқуловага уй қуришда ёрдамлашади

Ёш тадбиркор, “Кумушкент универсал қурилиш” МЧЖ раҳбари Муҳаммаджон Хўжамқулов жорий йилда ўзи яшаётган маҳалла “Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилганлигини эшитгач, туман ҳокимлигига ҳудудда маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва маҳалла марказини ўз ҳисобидан қуриб бериш ташаббуси билан чиқди.

- Ташаббусимни туман ҳокимимиз Феруз Абилов қўллаб-қувватлаб бизга ер ажратиб берди. Мен бундан жуда хурсандман. Қураётган биномиз икки қаватли бўлиб, бу ерда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, маҳалла маркази ва аҳоли учун мини кутубхона жойлашади. Шунингдек, бинонинг иккинчи қаватида қишлоқдошларимиз учун қулайлик яратиш мақсадида, тиббий кўрик маркази ташкил этишни режалаштираяпмиз. Ота-боболарим “Одамларнинг корига ярагин” деб ўргатишган. Халқимизга ёрдамим тегмаса мен қандай тадбиркор бўлдим, - дейди М.Хўжамқулов.

Кумушкент маҳалласида ободонлаштириш ишлари жараёнида туман ҳокимлиги эскириб, авария ҳолатига келиб қолган уйда яшаётган якка-ёлғиз, кам таъминланган 64 ёшли Муҳаббат Бобоқуловани эътибордан четда қолдирмади. O’zLiDeP  фаолларидан иборат ишчи гуруҳи бу ерга ташрифи чоғида, ҳокимлик ҳашар йўли билан онахонга уй бошлаганлигининг устидан чиқишди. Айни кунларда янги хонадон учун пойдевор қуйилиб дастлабки ишлар бошланган. Мулоқотлар чоғида O’zLiDeP фаоли тадбиркор Муҳаммаджон Хўжамқулов ҳашар йўли билан барпо этиладиган уй учун 5000 дона ғишт олиб берадиган бўлди.

- Бир умр далада меҳнат қилдим. Турмуш ўртоғим эрта вафот этгач, икки қизни тарбиялаб вояга етказдим,уларни узатдим. Бугунги кунда ёлғизлигимни билдирмасдан, менга ёрдам қўлини чўзаётган, ҳокимлик вакиллари, маҳалла фаоллари ва тадбиркорларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, - дейди суҳбатда М.Бобоқулова.

Бахтигул Қаршиева,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.