Тадбиркорлар билан учрашувларда муаммолар ўз ечимини топмоқда

Президентимизнинг жорий йил 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Элёр Толлиев Оқдарё туманида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашди.
Бугунги кунда вилоят бўйича жами 32 мингта тадбиркорлик субъектлари томонидан ер солиғи, мол-мулк солиғи, қўшимча қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқлардан 1 миллиард 896,7 миллион сўмлик солиқ имтиёзларидан, Оқдарё туманида эса 2 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари 85 миллион сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган.
- Бундан 6 йил аввал банкдан 25 миллион кредит олиб, бир дўстим билан фаолият бошлагандим, - дейди тумандаги "OK FABRIC" хусусий корхонаси раҳбари Баҳодир Эргашев. - Ҳозирда 40 нафарга яқин йигит-қизни иш билан таъминлаганман. 6 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Вилоят солиқ раҳбари томонидан тадбиркорлар билан учрашувнинг “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида ўтказилган очиқ мулоқотида мен каби корхона раҳбарлари ўз муаммоларини тўғридан тўғри раҳбарга етказди. Фаолиятлари давомида юзага келаётган масалалар бўйича таклифларини билдиришяпти. Шунингдек, бир қатор номинацияларда тадбиркорларнинг эътироф этилиши ҳам бизларга шижоат бағишлайди, десам адашмайман.
Учрашувда тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботларини топшириш, барқарорлик рейтинги, ортиқча тўловни қайтариш, солиқ қарзини ундиришда енгиллик бериш тўғрисидаги мурожаатлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.