Тадбиркорлар учун янги имконият: 16 та лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади
Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (ПФ-8, 9.01.2024 й.) фармонига кўра, тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш мақсадида жорий йил 1 мартдан бошлаб 16 та лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади.
Хўш, мазкур фармон билан тадбиркорларга қандай қулайликлар яратилмоқда?
- Фармонга кўра, 7 турдаги рухсат берувчи ҳужжат тўлиқ, 6 турдаги рухсат берувчи ҳужжат бирлаштириш йўли билан бекор қилинади, - дейди Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг етакчи инспектори Жасур Турсунов. - 3 та лицензия ва рухсатнома хабарнома тартибига ўтказилади. Бунинг натижасида тадбиркорларнинг 26 млрд. сўм маблағлари тежаб қолинади.
Шунингдек, фармон билан тадбиркорларга бир қатор қулайлик яратилмоқда. Жумладан, эндиликда чиқиш туризмини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркор 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиши шарт эмас. Ёки бўлмаса транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолиятини ташкил қилмоқчи бўлган субъектнинг жойи йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан белгиланиши шарт бўлмайди.
Айни кунларда шу каби имкониятларни тадбиркорларга етказиш мақсадида тегишли масъул ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда жойларда ўқув-семинарлар ташкил этяпмиз. Шундай тадбирлардан бири Оқдарё туманида ўтказилди.