Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий этилади
“Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарорига кўра, 2024 йил 1 февралдан қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади.
Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга ажратилади:
➖“ААА”, “АА” ва “А” тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
➖“ВВВ”, “ВВ” ва “В” тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
➖“ССС”, “СС” ва “С” тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;
➖“D” тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.
Рейтинг Солиқ қўмитасининг “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги” электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига тавсия этилади.