Тадбиркорликнинг қайси йўналишлари учун имтиёзли кредит олиш мумкин?
Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқаро тегишли дастурлар асосида имтиёзли кредит олиши мумкин.
Жумладан, ўзини ўзи банд қилганлар учун оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян фаолият билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш учун 6 ойдан 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилдан 4 йилгача муддатга;
Чорвачилик, балиқчилик ёки паррандачилик учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилдан 4 йилгача муддатга;
Боғдорчилик йўналишида боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, артезиан қудуқларини қазиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;
Меҳмонхона хизмати йўналишида оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтов лагерлари мажмуаси, автокемпинглар, экоуйлар мажмуаси, контейнер шаҳарчалар ва чодирли лагерлар ташкил этиш ва уларни таъмирлаш учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга;
Ҳунармандчилик йўналишида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун 3 йилдан 4 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга;
Атторлар учун чарм-атторлик маҳсулотлари, чармдан тайёр кийимлар, оёқ кийимлари, спорт инвентарлари, шунингдек, фурнитура, аксессуарлар ва мўйначилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашёни харид қилиш учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга ажратилади.
Бунда кредитнинг фоиз ставкаси 18 фоизни ташкил этади. Кредитлар oilakredit.uz платформаси орқали ажратилади. Ариза ҳам электрон шаклда платформанинг ўзида тўлдирилиши керак.
Платформада тадбиркорликнинг бир нечта йўналишлари бўйича бизнес режа намуналари ҳам мавжуд.
Кредитлар қуйидаги мақсадлар (йўналишлар) учун ажратилмайди:
- илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
- алкогол ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
- савдо-воситачиликни амалга ошириш (олибсотарлик);
- умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантириш;
- ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни (мебелъ, уяли телефон, маиший техника ва бошқалар) сотиб олиш;
- енгил автотранспорт воситалари (ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда иштирок этувчи кичик мототранспорт воситалари бундан мустасно), жумладан, йўловчи ташувчи автомобиллар сотиб олиш;
- маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан, хизмат автомобиллари таъминоти;
- бино ва иншоотлар сотиб олиш ва қуриш.
Жавоҳир ТЎРАЕВ, Каттақўрғон тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсулти.