Тадбиркорликнинг суянчи – қонун

Ёхуд давлат ташкилоти шошма-шошарлик билан чиқарган кўрсатма маъмурий судда қандай чиппакка чиқди?
 
Илгари давлат органи билан судлашиш «шамол билан уришиш»дек гап эди. Чунки судлар кўпинча давлат идораларининг сўзини икки қилмасди. Бугун эса маъмурий судлар чинакам халқчил ва адолатли органга айланди. Судья У.Давронов томонидан чиқарилган ҳужжат барча тадбиркорлар учун ҳуқуқий сабоқ, назорат органлари учун эса огоҳлантириш бўлади, деб ўйлайман...

Воқеа Самарқанддаги хусусий корхоналардан бири билан юз берди. Мазкур кичик бизнес субъекти ўз савдо дўкони олдига мижозларни жалб қилиш мақсадида ташқи реклама ёзувини ўрнатган.
Ўтган йил август ойида Самарқанд тумани ҳокимлиги Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасига хат юборади. Хатда ушбу тадбиркор томонидан ўрнатилган реклама ёзуви «Давлат тили ҳақида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги Қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори талабларига зид, зарур ҳужжатларсиз ўрнатилгани баён қилиниб, тадбиркорга нисбатан чора кўриш сўралади.

Албатта, қонун бузилиши ҳолати мавжуд бўлса, унга нисбатан муносабат билдириш ваколатли органнинг вазифаси. Бироқ ҳар қандай чора ёки жазо давлат органининг хоҳиш-истаги билан эмас, балки қонунда белгиланган қатъий процессуал тартиб-қоидалар асосида амалга оширилиши шарт!
Рақобат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси эса хатни қабул қилиб, “Yusufjon Diyor mobile” хусусий корхонаси «Реклама тўғрисида»ги Қонун талабларини бузган деб топиб, нақд 20 миллион 600 минг сўм миқдорида жарима (молиявий санкция) тўлаш мажбурияти юклади.
Қизиғи ва ачинарлиси шундаки, жараёнда назорат органи тадбиркорни тинглашни ҳам, унинг фикрини олишни ҳам лозим топмаган. Худди «Биз қарор қилдик, тадбиркор эса тўлаши шарт», деган эскича, бюрократик мафкура билан иш тутилган.

Яна бир тилсимли ҳолатда ушбу чиқарилган кўрсатма хати тадбиркорга белгиланган тартибда, расман етказилмаган. Корхона унга жарима қўлланилганини орадан бир неча ой ўтиб, яъни Самарқанд туманлараро иқтисодий судининг жорий йил 18 мартдаги ҳал қилув қарорини (бошқарма иқтисодий суд орқали жаримани ундиришга ҳаракат қилган) қўлига олгандан кейингина билган!
 
Ҳақиқатнинг қарор топиши
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг (МСИЮтК) 186-моддасига кўра, бундай шикоятлар шахсга ўз ҳуқуқлари бузилгани маълум бўлган пайтдан бошлаб қисқа муддатларда берилиши керак. Жавобгар томон судда ариза бериш муддати ўтиб кетганини рўкач қилиб, аризани рад этишни сўради.
Бироқ судга Самарқанд почта алоқа бошқармасининг расмий хатини тақдим этиб, бу орқали кўрсатма тадбиркорга умуман топширилмагани, у бу ҳақда фақат жорий йил март ойида иқтисодий суд қарори чиққандан кейингина хабар топгани исботланди.
Шу боис, суд мурожаат қилиш муддатини тиклади.

Муҳим ҳолатлардан бири, тадбиркор ўзининг ҳуқуқий маданиятини кўрсатиб, Самарқанд тумани “Пулимуғоб” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ва ишчи гуруҳи томонидан ташқи рекламанинг ноқонунийлиги ҳақида огоҳлантирилган куннинг ўзидаёқ ушбу камчиликни ўз ихтиёри билан бартараф этган, яъни рекламани олиб ташлаган.
Самарқанд туманлараро маъмурий суди ишдаги барча ҳужжатларни батафсил таҳлил қилиб, тадбиркорнинг аризасини тўлиқ қаноатлантирди.

Қизиқ ва ибратли жойи, давлат органининг ноқонуний қарори туфайли келиб чиққан барча молиявий харажатлар уларнинг ўз бўйнига қўйилди. Суд қарори билан Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармаси ҳисобидан тадбиркор фойдасига почта харажатлари ундирилди. Шунингдек, давлат органидан республика бюджети даромадига 2 миллион 60 минг сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.

Бу назорат органлари учун катта дарс. Ноқонуний ва шошма-шошарлик билан чиқарилган ҳар бир қарор учун давлат бюджети олдида ва тадбиркор олдида моддий жавобгарлик мавжуд.
Мазкур суд иши мисолида мамлакатимизда фаолият юритаётган барча тадбиркорлик субъектларига адвокат сифатида бир нечта муҳим тавсияларни бермоқчиман.

Агар сизнинг фаолиятингизда бирор-бир давлат органи (солиқ, рақобат бошқармаси, ёнғин хавфсизлиги ва ҳ.к.) томонидан текширув ёки ўрганиш ўтказилса, уларнинг ҳужжатлари билан танишишдан бош тортманг. Сизга расмий хат ёки кўрсатма келганда, унинг санасига ва мазмунига эътибор беринг.
Бундан ташқари, қонунчилигимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи кўплаб инсонпарварлик нормалари бор. Агар ташқи реклама ёки бошқа соҳада билиб-билмай хатога йўл қўйган бўлсангиз ва расмий огоҳлантириш берилса, уни зудлик билан бартараф этинг ва буни далолатнома қилиб расмийлаштиринг.
Ҳуқуқингизни билинг, қонундан қўрқманг, у сизнинг ҳимоячингиз. Давлат органлари ходимлари эса унутмасликлари керак, тадбиркор — жазоланадиган «ўлжа» эмас, балки юрт равнақининг таянчи.

Баҳодир ҚАРШИЕВ,
"Шоҳруҳ" адвокатлик фирмаси адвокати.