Тадбиркорни асоссиз чиқимдор қилмоқчи бўлишгани маълум бўлди

Жорий йил 5 март куни Самарқанд туманлараро маъмурий суди “Biotek Farm” МЧЖнинг аризаси бўйича ишни кўриб чиқди. Аризада Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасининг 2025 йил 5 декабрда қабул қилинган қарори ҳақиқий эмас, деб топилиши сўралган.

Бошқарма томонидан ўтказилган текширув натижасида корхона дори воситаларини сотишда белгиланган савдо устамаларини ошириб қўллагани ва шу орқали 1,29 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олгани ҳақида қарор қабул қилинган. Шу асосда корхонадан мазкур маблағни истеъмолчиларга қайтариш ёки бюджетга ўтказиш тавсия этилган.

Бироқ корхона мазкур қарор устидан аввал Қўмитага шикоят қилган. Қўмита апелляция кенгаши текширув жараёнида бир қатор камчиликлар борлигини аниқлаб, аввалги қарорни бекор қилган ва ишни қайта кўриб чиқиш учун ҳудудий бошқармага қайтарган.

Суд жараёнида мутахассислар иштирокида қўшимча ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида текширувда қуйидаги камчиликлар аниқланди:

  • текширув даври нотўғри белгиланган;

  • айрим ҳисоб-фактуралар икки марта ҳисобга олинган;

  • дори воситалари бўйича референт нархлар ва ҚҚС масалалари тўлиқ аниқланмаган;

  • айрим маълумотларда дори номи, дозаси ва кодлари мос келмаган;

  • баъзи ҳолларда референт нархлар умуман қайд этилмаган.

Суд мазкур камчиликлар қарор қабул қилишда жиддий ҳуқуқий хатоларга йўл қўйилганини кўрсатишини таъкидлади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга мувофиқ, маъмурий орган ўз қарорининг қонунийлигини исботлаши шарт. Суд муҳокамасида жавобгар вакили қарорнинг қонуний эканини асослаб бера олмади.

Шу сабабли суд бошқарманинг 2025 йил 5 декабрдаги қарорини қонунчиликка зид, деб топди ва уни ҳақиқий эмас, дея эълон қилди.

Суд қарорига мувофиқ:

  • бошқарманинг 2025 йил 5 декабрдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди;

  • текширув материаллари қайта кўриб чиқилиши белгиланди;

  • бошқарма суд қарори кучга кирганидан кейин бир ой ичида ижро ҳақида судга ва аризачига маълум қилиши шарт.

Шунингдек, суд харажатлари масаласи ҳам кўриб чиқилди. Суд жавобгар ҳисобидан:

  • 4 120 000 сўм давлат божи,

  • 41 200 сўм почта харажати,

  • 103 000 сўм видеоконференция харажати ундирилишини белгилади.

Баҳодир ҚАРШИЕВ,

"Шоҳруҳ" адвокатлик фирмаси адвокати.