Таҳлилий танқид – тараққиёт гарови

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттизинчи сессияси бўлиб ўтди. 

Сессия ишини вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борди.

Депутатлар кун тартиби бўйича вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бир қатор масалаларни муҳокама қилди.

Ургутда инновацион университет очилади

Бу ҳақда вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Хўжаев вилоятдаги махсус иқтисодий зоналарда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг ижроси, инвесторлар дуч келаётган муаммолар ва уларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботида айтиб ўтди.

Туркияда бу борада катта тажрибага эга олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда фаолият олиб борадиган университет замонавий мутахассислар тайёрлайди.

Сессия ишида қайд этилишича, туманда яна қатор янги лойиҳалар амалга оширилади. Асосийси, ҳудуд тўлиқ саноат зонасига айлантирилади.

Зиёрат туризми ривожланади(ми?)

Мазкур масала юзасидан вилоят туризмни ривожлантириш департаменти директори Д.Нарзиқулов ҳисобот берди. Мутасадди вилоятда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, жумладан, имконият катта бўлган зиёрат туризми йўналишидаги ишларга тўхталди. Мавзу депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.

- Зиёрат туризми бўйича Малайзия, Индонезиядан 100 минглаб сайёҳлар келиши режалаштирилаётган бўлса, уларга гид хизматини ташкил қилиш ҳақида ўйлаб кўрилганми? - дейди вилоят Кенгаши депутати, СамДЧТИ ректори И.Тўхтасинов. – Негаки, келиши режалаштирилаётган турк, малай, индонез зиёратчиларининг тили Самарқандда ўргатилмайдиям, ўрганилмайдиям.

Д.Нарзиқуловнинг айтишича, ушбу йўналишда туризмни ривожлантириш вазирлигида зарур ишлар олиб борилмоқда. Муҳокамалар чоғида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича соҳага оид ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаслиги зарурлиги айтиб ўтилди. Жумладан, тегишли ҳудудларда санитар-гигиена шохобчаларининг замон талаблари даражасида бўлиши ҳам масъуллар томонидан назорат қилиниши шартлиги билдирилди.

Тиббиётда ҳаммаси жойида

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов берган маълумот шундай таассурот қолдирарди. Бироқ депутатлар аслида бундай эмаслигини ва ишни реал ҳолатдан келиб чиқиб ташкил қилишни тавсия этишди.

- Масалан, тизимда ҳамон шаффофлик етишмайди, - деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев. – Ваҳоланки, айни шу нарса порахўрлик ва коррупциянинг урчишига, оқибатда кўрсатилаётган хизмат сифати ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.

Бошқа бир депутат тизимда иш ҳисобот учун қилинаётганига аниқ мисол келтирди. Қайд этилишича, Европадан келган инвестор ишни қайси йўналишда ташкил қилса вилоятимизга фойдаси кўпроқ тегишини аниқлаш учун соҳа мутасаддилари билан учрашган. Мулоқотдан сўнг ҳудудда тиббий хизмат кўрсатиш шу даражада бўлса инвесторга ҳожат йўқ экан, деган хулосага келган. Яъни, мутасаддилар унга одатий ҳисоботни беришган.

Шу сабаб сессияда вилоятда қайси тиббий ускунага қанча эҳтиёж борлиги бўйича аниқ таҳлилий маълумот тайёрлаш вазифаси берилди. Тизимда ўзгариш қилиш, хусусан, ишни замонавий асосда ташкил қилиш, хизмат сифатини ошириш бўйича аниқ тавсиялар берилди.

Ноқонуний қурилиш бўйича масъуллар ва прокурор эшитилади

Сессияда депутат Азиз Аҳроров навбатдаги сессияда қурилиш соҳаси масъулларининг ҳисоботини эшитиш таклифини билдирди.

- Назаримда, қурилиш, айниқса, хусусий кўп қаватли уй-жойлар қурилиши борасида ноқонуний ишлар кўпайиб боряпти, - деди Азиз Аҳроров. – Масалан, депутат Бадриддин Насриев сайлов округидаги ноқонуний қурилаётган кўп қаватли уй бўйича депутат сўрови юборди, ОАВда чиқиш қилди. Бузиб ташласин, демайман, аммо ноқонуний қурилмани соҳа мутасаддилари, ҳатто прокуратура ҳам тўхтатолмаяпти, шекилли.

Худди шунга ўхшаш ҳолат Самарқанд шаҳрининг яна бир ҳудуди – Минск кўчасида кузатиляпти.

Таклифим – тизим мутасаддилари ва тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари сессияда ҳисобот берсин: нима учун депутат сўровига бундай муносабатда бўлиняпти? Нега ноқонуний қурилишни тўхтатишга прокурорнинг ҳам кучи етмаяпти?

А.Аҳроровнинг таклифи қўллаб-қувватланди.

Сессияда вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари А.Шукуровнинг “2021 йилда Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти, вилоят прокурори, 2-сектор раҳбари Р.Машариповнинг вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан 2021 йил II чораги учун ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” маълумот учун қабул қилинди.

Сессия ишида Кенгаш ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.