Талабалар яшаш жойи соғлом маънавий муҳитда, барча қулайликларга эга бўлиши керак

Ўқув йили бошланиши билан олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг ота-оналарини бир масала – тураржой муаммоси ташвишга солади.

Талаба учун бошпана бўладиган бу маскан олийгоҳга келиб-кетиши учун қулай, ёзда салқин, қишда иссиқ, талабанинг сифатли ҳордиқ олиши, мустақил дарс қилиши учун талаб даражасида бўлиши лозим. Ота-оналар учун талаба фарзанди яшайдиган ижара уй барча шароитларга эга, тинч, осуда бўлиши, бу масалада олий ўқув юртларининг масъуллари ҳам бефарқ бўлмасликлари керак.

Янги ўқув йили бошланишидан олдин мамлакатимиз олий таълим муассасаларида тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ҳар бир талабани тураржой билан таъминлаш масаласи кун тартибига қўйилганди. Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳам талабаларни тураржой ҳамда ижара хонадонларига жойлаштириш борасида самарали ишлар ташкил этилиб, талабалар ва уларнинг ота-оналарини қийнаётган масалага ечим топиш борасида эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилди.

Энг аввало, талабалар тураржойи ва ижара уйларидаги шароитлар ўрганиб чиқилди. Талабаларни ижарага қўювчи оила ҳақида маҳалла фуқаролар йиғинидан маълумотлар олинди. Мақсад – талабалар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни турли ёт оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш.

Айни пайтда Самарқанд давлат чет тиллар институтида 5 та талабалар тураржойи мавжуд бўлиб, жами 2020 ўринга мослашган. Институтдаги талабалар сони 13469 нафарни ташкил этади. Шундан 11051 нафари кундузги таълим шаклида таҳсил олади. Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалардан биринчи навбатда чин етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, бошқа вилоят ва олис туманлардан келган талабалардан 2020 нафарини талабалар тураржойига жойлаштириш белгиланган. 4031 нафар талабамиз Самарқанд шаҳри ва яқин атрофдаги туманлардаги ўз уйи ва яқин қариндошиникида истиқомат қилиши аниқланди. Тураржойга эҳтиёжи бор бўлган талабаларни институтимиз жойлашган ҳудуддаги маҳаллаларда ижара хонадонларига жойлаштириш режа қилинди ва шу асосда ишлар ташкил этилди. Институт жойлашган ҳудуд атрофидан 700 га яқин ижара хонадонлари бориб ўрганилди, аниқланган камчиликлар уйини ижарага берувчи фуқаролар томонидан бартараф этилиб, тайёр ҳолатга келтирилди. Ўқув йили бошланиши билан талабалар ижара уйларига жойлашди.

Талабалар турар жойига эҳтиёжи 2024-2025 ўқув йилида мавжуд талабалар my.gov.uz портали орқали ариза топширишди ҳамда ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, тураржой билан таъминланди. Шунингдек, талабаларнинг хоҳиш ва истакларига асосан ижара хонадонларига жойлаштириш чоралари кўрилди. Шуни таъкидлаш жоизки, институт тютор ва масъуллари ижара хонадонлар жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан бутун ўқув йили давомида талабалар тураржойлари ҳамда ижара хонадонларидаги шароит ва муҳитни тўлиқ назорат қилиб бормоқда.

Талабалар тураржойи ҳамда ижара уйлари ҳақидаги барча янгилик ва маълумотлар ҳақида иститутимизнинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ахборот бериб бориш йўлга қўйилганди. Институт масъулларига мурожаат қилган талабалар ҳамда уларнинг ота-оналарига имкон қадар жавоб берилиб, муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилинмоқда.

Ҳозирги кунда ҳам талаба-ёшларни ижара хонадонларига ва талабалар тураржойларига жойлаштириш борасида институт қошида ташкил этилган «Марказ» фаолияти давом этяпти. «Марказ» ходимлари институт жойлашган яқин атрофдаги маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда захира ижара хонадонларини топиш ишларини давом эттирмоқда. Cаll-марказимиз телефон рақамлари ҳам мунтазам алоқада бўлиб, талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари мурожаатларига атрофлича жавоб берилмоқда.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида таълим сифатини янада яхшилаш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларга зарур қулайликларни яратиб бериш мақсадида биноларни таъмирлаш ва янгиларини барпо этиш учун ишлар давом этмоқда. Жумладан, талабалар учун тураржой қамровини кенгайтириш мақсадида давлат хусусий шериклик асосида институтнинг Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 43-уйдаги ҳудудида 2 минг ўринли янги ўқув биноси бунёд этилиб, бино барча замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Янги ўқув йили бошида мазкур иншоот фойдаланишга топширилди.

Бугунги кунда институт масъуллари ва тюторлар белгиланган режага мувофиқ "Талабалар тураржойи" ва ижара уйларида бўлишиб, уларнинг яшаш шароитлари билан танишмоқда. Мавжуд муаммоларни масъуллар ва ижара хонадон эгалари билан ҳамкорликда бартараф этаётир. 

Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида институтда ҳар чоршанба - мустақил ижодий ишлаш куни ташкил этилган бўлиб, ўнлаб спорт ва фан тўгараклари фаолият олиб боряпти. Шунингдек, ётоқхоналарда ҳам турли тўгараклар, китобхонлик кечалари, маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари «Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши»нинг баёнига асосан бириктирилган Нуробод туманидаги 39 та маҳалла фуқаролар йиғинларида институтнинг гуманитар фанлар, ахборот технологиялари ва педагогика, психология ва жисмоний маданият кафедраларининг профессор-ўқитувчилари маънавий-маърифий ишларни ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Азамат КУРАХМEДОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти биринчи проректори.