Талабаларнинг 13 фоизи ётоқхона билан таъминланган. Қолганлари-чи?

Сентябрь. Талабалар янги ўқув йилини бошлади. Айниқса, илк бор олий ўқув юрти остонасига қадам қўйган ёшларнинг қувончи чексиз. Талабалик бахтига эришиш осон бўлгани йўқ, ахир. Унинг ортида неча йиллик меҳнат, заҳмат бор. Янги жой, янги танишлар, янги муҳит… Ва кўпчилик талабаларнинг олдида тураржой муаммоси.

Талаба учун энг қулайи талабалар тураржойи. Аммо олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган барча талабаларни тураржой билан таъминлаш имконияти мавжуд эмас. Бу мавзу бугун ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Хўш, олий таълим даргоҳларида аҳвол қандай?

Самарқанд давлат университетида бугунги кунда 10 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Уларнинг 60 фоизини қизлар ташкил этади. Университет қошида 1453 ўринли 5 та талабалар тураржойи фаолият юритади. Уларда 42 та ўрин "Ипак йўли" халқаро туризм университетига, 30 таси малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази тингловчиларига, 30 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Самарқанд филиали тингловчиларига ажратилган. Университетнинг 13 фоиз талабалари ётоқхона билан таъминланган.

- 2019-2020 ўқув йилида 2500 талаба 1-курсга қабул қилинди, - дейди университет ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Камолиддин Давронов. - Талабаларни ётоқхоналарга жойлаштиришда аввало, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, биринчи курсда ўқиётган талабаларга алоҳида эътибор қаратилади. Жорий йилда университетимизда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларидан ҳам кўплаб талабалар ўқишга қабул қилинди. Шунингдек, вилоятлар, чекка туманлардан келган талабалар ҳам имкон қадар ётоқхонага жойлаштирилади. Яна 3500 нафар талаба ётоқхонада яшаш учун ариза ёзган. Лекин, афсуски, талабаларнинг барчасини ётоқхона билан таъминлаш имконияти йўқ. Жорий йилнинг август ойида факультетлар деканатлари томонидан университет ҳудудига яқин маҳаллаларда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда 1021 та ижара хонадон шакллантирдик.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳам талабалар тураржойи замонавий таъмирланган. Дарсдан сўнг маданий дам олиш, спорт билан шуғулланиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун барча шароит яратилган.

- Институтимизда 4 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади, - дейди институтнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Отабек Fайбуллаев. - Уларнинг 500 нафари талабалар турар жойида яшайди. 600 ўринга мўлжалланган маскандаги 100 ўрин институтимиз қошидаги академик лицей ўқувчилари учун ажратилган. Асосан боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, оилада икки-уч нафар киши шартнома асосида ўқиётган, чекка туман ва вилоятлардан келган талабалар тураржой билан таъминланади. Бу йил институтимизга республикамизнинг турли вилоятларидан ҳам талабалар қабул қилинди. Биринчи ўринда уларни жой билан таъминладик.

Талабалар тураржойи билан боғлиқ муаммолар бугун пайдо бўлгани йўқ. Шароити ҳаминқадар бўлса ҳам, талабалар тураржойига эҳтиёж кучли бўлган. Бугун ётоқхоналарда талабалар учун барча имконият ва шароитлар яратилган. Минглаб китоблардан иборат кутубхонадан тортиб, фитнес залларигача, қизларнинг ҳунар ўрганиши учун тикувчилик хоналари ҳам бор.

Шу ўринда тадбиркорларимизнинг ҳам фаоллиги керак назаримизда. Агар тадбиркор томонидан талабалар тураржойлари ташкил этилса, талабалар ижара уйларига берадиган пулни мана шундай масканларга сарфларди. Асосийси, у ўқув йили давомида доимий, арзон тураржойга эга бўлади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.