Таълим барбод бўлса, миллат касодга учрайди

Тарихда давлатчилигимизнинг юксалган, илм аҳли юксак қадрланган, фан равнақига катта эътибор қаратилган даврларида мамлакатнинг изчил тараққиёти ва мўътадил ривожланиши кузатилганлиги қанчалар ҳақиқат эканлигини барчамиз яхши биламиз.
Мамлакатимизда илм-фан соҳасини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, олимларимиз, айниқса, ёш тадқиқотчиларимизнинг истеъдодини ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бозорларимизнинг тўлалиги фақат қора меҳнат эвазигагина бўлмаслиги лозимлигини айтиб, агар бундан буён илм-фанни ривожлантирмасак, юртимиздаги бу тўкинликни сақлаб тура олмаслигимизни алоҳида таъкидлаб, илм-фан соҳаси дарғалари олдига бир қанча муҳим ва долзарб вазифаларни қўйган эди. Шунинг учун ҳам Президентимизнинг мамлакатни ривожлантириш дастурларида иқтисодиётнинг бошқа соҳалари қаторида таълим ва илм-фан тараққиётини таъминлашга алоҳида ўрин берилмоқда.
Мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган тезкор ислоҳотларга назар ташлар эканмиз, энг аввало, нималарни ва эришилган қайси ютуқларни эътироф этиш мумкин? Бизнинг фикримизча, биринчи навбатда, Президентимиз томонидан таълим ва фанни янгича шакл ва мазмунда ташкил қилиш, ривожлантириш масалаларини давлат сиёсатининг энг устувор вазифаси даражасига олиб чиқилганлигини мамнуният билан қайд этиш лозим.
Иккинчидан, ўтган қисқа вақт ичида таълим тизими ислоҳотлари доирасида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилиб, мамлакат бўйлаб болаларнинг боғчаларга қамраб олиниш даражаси кескин ўзгарди. Айниқса, ўзини оқламаган касб-ҳунар таълими тизими зудлик билан ислоҳ этилиб, уларда ўқиш муддати 3 йилдан 2 йилга қисқартирилди. Ўрта умумтаълим мактабларида таълим муддатининг 9 йилдан 11 йилга ўзгартирилиши ҳам таълим тизимидаги ички узилишларга барҳам бериб, мамлакатимизнинг узоқ жойларидаги қишлоқларда юзага келган бир қатор қийинчиликларни бартараф этишга олиб келди. Мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, мураббийлари, ўрта умумтаълим мактаблари ўқитувчи-ходимлари ва олий таълим муасасалари профессор-ўқитувчиларининг ойлик маошлари сезиларли миқдорда оширилди, уларнинг жамиятда тутган ўрни ва нуфузи тикланиб, обрў-эътибори ортди.
Олий таълим тизимида ислоҳотларнинг бориши ва амалга оширилган ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, барча университетлар ва институтларда қабул квоталари олдинги йиллардагидан 2 маротабага оширилди. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таҳсил олиш учун кечки ва сиртқи таълим тикланди, чет мамлакатлардаги нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот муассасаларида янги авлод ўқитувчилари ва илмий ходимларини тайёрлаш тизими ишга тушди. Шунингдек, тажрибали ва юқори малакали хорижлик профессор-ўқитувчилар, мутахассислар мамлакатимиз олий таълим муассасаларида ишлаш учун таклиф этилмоқда. Уларнинг маъруза ва амалий машғулотлар ўтиш, маҳорат дарслари ўтказиш дастурлари ишлаб чиқилди, олий таълим муассасаларининг моддий-техник таъминотида жиддий ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, олий таълимга нисбатан мутлақо янгича муносабатлар шакллантирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қатъий саъй-ҳаракати ва бевосита ташаббуси билан таълимга давлат сиёсати даражасида муносабатда бўлиш орқали бу соҳада йиллар давомида илдиз отган салбий жиҳатларнинг янада чуқурлашиб кетишининг олдини олиш имконияти яратилди. Муаммонинг чуқурлашуви шу даражада эдики, жамиятнинг энг асосий таркибий қисми бўлган таълим тизими бу инқирозларни жуда тезлик билан ўзига “сингдириб олган эди”.
Оқибатда кишилар қандай бўлмасин олий таълим дипломини қўлга киритиш учун қонуний ва ноқонуний турли-туман йўлларни излай бошлади. Коррупция кучайди, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик иқтидорли кадрлар танловини издан чиқарди ва бинобарин, бу ҳол олий таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнининг барқарор, мўътадил бўлишига жиддий салбий таъсир кўрсата бошлади, таълим сифати бутунлай тушиб кетди. Натижада, аксарият ёшлар қўлларида олий таълим муассасаси дипломи бўлгани ҳолда на таълимда, на ишлаб чиқаришда ўзининг муносиб ўрнини топа олди.
Жанубий Африка Республикасидаги Стелленбосс университетининг кираверишига: “Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга таъсир қиладиган ракеталарга ҳожат йўқ. Фақат таълим сифати пасайтирилса ва имтиҳонларда талабаларга алдаш учун имконият яратилса бас… Таълимнинг барбод бўлиши – миллатнинг касодга учрашидир!” деб бежизга ёзиб қўйилмаган. Чиндан ҳам бугунги кунда жамият тараққиёти ва халқнинг фаровон турмуши, давлатнинг мустаҳкамлиги ва мустақиллигининг давомийлиги, дунё миқёсида тан олиниши инновацион билим ва илм-фаннинг барқарор ривожланишига боғлиқлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Шунинг учун ҳам таълим тизимидаги мутлақо янгича ёндашув – бу таълим тизимини ҳам худди иқтисодиёт каби давлат монополиясидан чиқарилиши жараёнининг бошланишидир. Хусусий боғчалар ва мактабгача таълим муассасалари билан бир қаторда, ўрта умумтаълим мактаблари, кўплаб олий таълим муассасаларининг очилиши давлат таълим муассасаларига муқобил рақобатчиликни юзага келтирди ва булар, ўз навбатида, таълим муассасаларининг кўпайишигагина эмас, таълимнинг сифатига ҳам катта ижобий таъсир этиши, шубҳасиз.
Шу ўринда, бир ҳолатга алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим. Бу ҳам бўлса, янги ташкил этилаётган олий таълим муассасаларининг аксарияти чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли равишда ташкил этилаётганлигидир. Бугунги кунда мамлакатимизда 116 та олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 21 таси чет давлатларнинг нуфузли университетлари ва институтлари билан ҳамкорликда мутлақо янги ўқув режалари ва дастурлар, шунингдек, 2+2 тизими асосида ташкил этилаётганлиги, бир томондан, ёшларимизнинг чет тилларни ўрганишларини янада тезлаштираётган бўлса, бошқа томондан, уларнинг замонавий инновацион билимларни янада чуқурроқ эгаллашларига ҳамда чет мамлакатларнинг таълим ва фан, ишлаб чиқариш корхоналарида бевосита амалиёт ўташларига кенг йўл очиб берди.
Бу ишлар ўз-ўзича бўлаётгани йўқ: чуқур таҳлиллар, қиёсий ўрганишлар, фалсафий мушоҳадалар асосида қарор қабул қилишлар орқали амалга ошмоқда. Амалий ҳаракатларнинг маблағ билан таъминланиши масалалари ҳам осонликча ечилаётгани йўқ. Чунки давлатнинг ички имкониятлари, ресурслари ҳам иқтисодиёт, ҳам таълим, ҳам ижтимоий соҳани бир текис ривожлантиришга етмайди. Юртбошимиз кейинги 25-30 йилда Ўзбекистонга киритилмаган жуда катта ҳажмдаги чет эл инвестицияларини жалб этишга муваффақ бўлди, турли халқаро банклардан кредитлар олинди. Мамлакатимиздаги бу ҳолатни Президентимизнинг ички ва ташқи сиёсатдаги давлатчилик ва фуқаролик бўйича сиёсий иродасининг юксак маҳсули, деб қарашимиз лозим.
Тез суръатлар билан амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари жараёни-да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва унинг биринчи иловаси билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” муҳим ўрин тутади. Чунки мазкур фармон ва концепция мамлакатимиз олий таълим муассасалари олдига қўйилган бугунги кундаги долзарб вазифалардан ташқари, 2030 йилгача ва ундан кейинги истиқбол режа-дастур қабул қилинганлиги билан ҳам бетакрор ва тарихий ҳужжат бўлиб қолади. Ушбу тарихий ҳужжатларга таянган ҳолда 2030 йилгача мамлакатимизда мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига қамраб олиш даражасининг босқичма-босқич оширилиши ҳамда 50 фоизгача етказилиши, янги-янги олий таълим муассасалари, мутахассисликлар, йўналишларнинг очилиши, шунингдек, бу соҳада давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш, мамлактимиз олий таълим муассасаларини дунё рейтингининг 1000 талик рўйхатига киритиш, жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд Давлат университетини Ўзбекистон олий таълим муассасалари флагмани — яловбардорига айлантириш ва дунё университетлари рейтингининг 500 талигига кириши каби улуғвор вазифаларнинг қўйилиши мамлакатимиз илм-фани ва маданиятини буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбек даврида эришилган тарихий ютуқларни тиклаш орқали чет эллик талабаларни ҳам ўқитишни йўлга қўйиш, жаҳон интеллектуал меҳнат бозорида рақобатбардош юксак малакали кадрлар тайёрлаш ишларига мустаҳкам пойдевор қўйилишидир.
Чет эл инвестициялари асосида олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор каби кўплаб инновацион марказларнинг ташкил этилиши, уларнинг босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш орқали автономияга қараб бориши академик мустақилликни таъминлашга олиб келади. 2020 йил 1 январдан бошлаб, тажриба-синов тариқасида мамлакатимиздаги 10 та олий таълим муассасасининг ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилаётганлиги таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича яна бир муҳим ва дадил қадам бўлади.
Мамлакатимиз олий таълим муассасалари ушбу фармон ва концепциядан келиб чиққан ҳолда 2030 йилгача ривожланиш дастури – “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқди. Албатта, бу йўл хариталарида, биринчи навбатда, олий таълим муассасасининг моддий-техник базасини ривожланган чет мамлакатларнинг олий таълим муасссалари даражасида тубдан янгилаш, ўқув режалари ва фан дастурларини амалиётга йўналтириш нуқтаи назардан шакллантириш, уларни янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, илмий-услубий адабиётлар билан таъминлаш, замонавий ахборот ва педагогик технологияларни ўзлаштирган янги авлод ўқитувчиларини тарбиялаш каби муҳим вазифалар қўйилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, олий таълим муассасаларини янги авлод педагог кадрлар билан таъминлаш, бугун фаолият юритаётган ўрта ва қуйи авлоднинг малакасини ошириш ечимини кутиб турган энг долзарб ва ўта муҳим муаммолардан ҳисобланади. Бу муаммонинг ҳал этилиши қуйи таълим тизимини малакали мураббийлар, янги ахборот ва педагогик технологиялар билан қуролланган замонавий ўқитувчилар билан таъминлашга асос яратади.
Мамлакатимиз бўйлаб Президент ҳамда буюк бобокалонларимиз Хоразмий, Беруний, Темурбек, Улуғбек мактабларининг, умумтаълим мактабларида ва олий таълим муассасаларида иқтидорли ўқувчилар ва талабалар гуруҳларининг ташкил этилиши пировард натижада, йиллар ўтиб, ўрта асрларда миллатимизни, маданиятимизни дунёга таратган, таълим ва фан тамаддуни тараққиётини белгилаб берган улуғ қомусий аждодларимиз, дунё олимларининг устозлари Имом Бухорий, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Баҳоуддин Нақшбандийларнинг янги авлодлари етишиб чиқиши, шубҳасиз.
Биз, таълим соҳаси масъуллари, барча таълим муассасалари раҳбарлари Президент томонидан олдимизга ўта машаққатли, аммо бажарилиши кечиктириб бўлмайдиган вазифалар қўйилганини теран ҳис этган ҳолда фидойилик билан меҳнат қилишга, Ватанга содиқ, етук билимдон ёшларни тарбиялашда бор куч, ғайрат-шижоат ва имкониятларимизни ишга солишимиз лозим.
Мардон БОЛТАЕВ,
Самарқанд давлат университети илмий котиби, доцент.