Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таълим хизматлари сифатини ошириш ва жамиятни ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Мазкур тадбир мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Чунки унда мамлакат ҳаётининг барча жабҳалари қамраб олинган, мавжуд вазиятга оқилона баҳо берилган. Мамлакат салоҳияти билим ва тафаккурда эканлигига урғу берилиб, “Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли” эканлиги таъкидланди. Таълим сифати учун боғча тарбиячиси ва мактаб ўқитувчисидан тортиб мамлакат таълим тизимининг барча босқичлари мутассадиларининг масъулиятини ошириш вазифаси қўйилди.
“Инсон қадри учун” деб номланган 2022 йилнинг мантиқий давоми сифатида кириб келаётган 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб эълон қилиниши биз учун ҳам шараф, ҳам масъулиятдир. Шу ўринда таъкидлаш керакки, мамлакатимиз Президенти ва ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатда таълим сифатини оширишга жиддий эътибор қаратмоқда. Ўйлайманки, келгуси йилда таълим тизимида янада жиддий ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилади.

Ўзбекистон таълим тизимида ислоҳотлар давом этаётгани ва фаоллашаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Зотан, халқимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар натижасини кўриб турибди. Келгуси йилларда ҳам янги мактаблар қуриш, таълим тизимида ислоҳотларини давом эттириш, ўқитувчи ва мураббийлар мавқеи ҳамда нуфузини ошириш бўйича ҳам катта режалар қилинганлиги барча таълим соҳаси ходимларини беҳад қувонтирди. Айниқса, ўқитувчилар обрўсини юксалтиришни мамлакатимизнинг асосий қонуни – Янги конституциямизга муҳрлаб қўйилиши давлатимизда таълим соҳасига юксак эътибор қаратилаётганлиги ифодасидир.

Олий таълимга нисбат берилса, таълим сифатини ошириш, коррупцияга барҳам бериш, университетлар ўртасида ҳақиқий рақобат муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда меҳнат бозорининг талаблари сезиларли даражада ўзгариб бормоқда, юқори профессионал малакага эга рақобатбардош кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Муваффақиятнинг асосий мезони университет битирувчиларига нуфузли соҳа корхоналаридан бўлган талаб, уларнинг юқори ҳақ тўланадиган ишларга қабул қилинганлиги билан ўлчаниши керак. Чунки, битирувчида олий маълумот олганлигини тасдиқловчи дипломининг борлиги унга ихтисослигига мос иш топишига кафолат беролмайди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “...мамлакатимизда олий таълимга ўқишга киришдаги коррупция деярли йўқ бўлди. Лекин олий таълим муассасалари ичидаги коррупция ҳамон сақланиб қолмоқда”. Таълим тизимини, айниқса, олий таълимни коррупция иллатидан буткул ҳалос этишимиз зарур. Бунга фақат тарғибот учрашувларини кўпайтириш, ижтимоий сўровлар ўтказиш билан эришиб бўлмаса керак. Агар жамиятда коррупцияни йўқотсак, таълим сифатини оширсак, бу университетларимиз манфаатларига хизмат қилади, энг асосийси, ёшларимизга замонавий сифатли таълим берилади.

У.Сирожиддинов,
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи.