Таълим сифатининг пасайишига нималар таъсир этяпти?

Юртимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида таълим сифати ҳақида кўп гапириляпти. Аввало, таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва унга ечим топиш керак.

Самарқанд вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази иқтисод фани методисти Илҳом Вафоев фикр юритади.

- Вилоятимиздаги 1200 дан зиёд мактабдан 82 таси сифат кўрсаткичи паст мактаблар рўйхатига киритилган, -дейди И.Вафоев. - Уларнинг 23 таси Паст Дарғом, 22 таси Ургут туманида жойлашган. Умумтаълим муассасалари қайси мезонларга асосланиб бундай баҳоланади, деган савол туғилиши табиий.

Мезонлар кўп, лекин уларнинг асосийси, бу – мактаб битирувчиларининг олийгоҳларга қабул қилиниши ҳамда жамоа аъзоларининг юқори малака тоифага эгалиги ҳисобланади.

Келинг, мазкур ҳолатни Паст Дарғом тумани мактаблари мисолида кўриб чиқайлик. 129 та мактаб орасидан таълим сифати юқори эмас деб топилган мактабларнинг аксарияти туман марказидан, саноат зоналаридан олис ҳудудларда жойлашган бўлиб, моддий-техник базаси паст таъминланган муассасалардир. Мисол учун, 38-мактаб бундан 85 йил илгари қурилган бўлиб, 2009 ва 2017 йилларда қисман реконструкция қилинган. 240 ўқувчига мўлжалланган мактабда 700 га яқин ўқувчи уч навбатда ўқийди. Ҳудуд аҳолиси кўпайгани сайин мактаб раҳбарияти кутубхона, ҳатто ўқитувчилар хонасини ўқув синфига айлантирган. Шунга қарамасдан, ўтган ўқув йилида 35 нафар битирувчидан 10 нафари олийгоҳларга ўқишга тавсия этилган.

Бошқа мактабларда ўқувчилар сони бу даражада кўп эмас, уларнинг асосий қисмида 250-300 ўқувчи ўқийди. 25-30 кишидан иборат жамоаларда юқори тоифага эга бўлишга интилиш ўта паст даражада. Шунингдек, физика, биология, география, кимё, иқтисод, ҳуқуқ дарслари камлиги сабабли ўқитувчиларнинг юкламаси ярим ставкадан ошмайди, бу эса 1,2-1,5 миллион сўм ойлик маош дегани. 

Бугунги давр талаби ҳар томонлама саводли ҳамда замонавий техника сир-асрорларини чуқур биладиган ёшларни тарбиялашга қаратилган. Аммо фаолияти таҳлил қилинаётган мактаб битирувчилари ичида бу соҳаларга қизиқиш, келажакда техник кашфиётларни амалга оширишдан дарак берадиган нарсанинг ўзи йўқ.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, юқоридаги муаммолар таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлмоқда. Уларни босқичма-босқич бартараф этиш, шунингдек, ўқитувчиларни таълим сифати даражасини оширишга қизиқтиришни такомиллаштириш керак. Бунинг учун умумтаълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга, кадрлар захирасини яратишга қаратилган узоқ муддатли комплекс дастурлар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, кам соат дарси бор ўқитувчиларни ҳам қандайдир рағбатлантириш, уларга имтиёзли харидлар жорий этиш каби чоралар ишлаб чиқилиши керак. Қачонки, ўқитувчи ўз касбидан қониқиш ҳосил қилса, у жон-жаҳди билан меҳнат қилади. Бунинг учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим.