Таниқли ижодкор, тажрибали журналист Азим Қодиров вафот этди

Ҳамкасбимиз, узоқ йиллардан буён қатор таҳририятларда ишлаган, вилоят матбуоти ривожи, равнақи учун хизмат қилган Азим Қодировнинг вафот этганлиги ҳақидаги хунук хабар барчамизни қайғуга солди.
Етук журналист ва ижодкор Азим Қодиров 66 ёшда эди.
А.Қодиров 1955 йилда Каттақўрғон шаҳри, Алишер Навоий номли маҳалласида таваллуд топди. 1972 йилда шаҳардаги ўрта мактабда таҳсил олиб, олий ўқув юртига ҳужжатларини топширди.
1977 йилда Самарқанд давлат университетининг филология факультетини битириб, иш фаолиятини Каттақўрғон шаҳридаги таҳририятдан бошлади. Кўп ўтмай, “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси фаолият бошлади. 2001 йилда "Зарафшон" газетасида ишлаш билан бирга "Инсон ва қонун" газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири вазифасида иш бошлади.
Азим ака нафақага чиққанидан кейин ҳам ушбу таҳририятлардан узоқлашмади. Жамоатчи мухбир сифатида газетада ўткир муаммоли мақолалари билан қатнашиб турди. Шу билан бирга кўплаб ёш мухбирларга устозлик қилди.
Азим Қодиров яхшигина ижодкор ҳам эди. Унинг “Ушалган орзу” тўплами, “Ота дуоси”, "Қалам - қанотим" қиссалари, “Ўлдирсанг ҳам кафансиз, ўлдирмагин Ватансиз ёхуд адашган банда”, “Оқсоқолни ор ўлдирди” каби ҳикоялари чоп этилган.
Замондош, ҳамфикр дўстлари, елкадош ҳамкасблари ҳамда шогирдлари номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз.
Тажрибали қаламкаш, ўз касбига содиқ, камтарин инсон Азим Қодиров хотираси қалбимизда абадий яшайди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими,
вилоят «Зарафшон» ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти.