Танқиддан сўнг: Пайариқдаги мактабларда санитария ҳолати билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди
Сайтимизда "Пайариқдаги бир қатор мактаблардаги ҳолат санитария талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди" сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Ҳолат юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди.
Мақолада Пайариқ туманидаги 10-, 24-, 50- ва 55-сонли умумтаълим мактабларида санитария-гигиена ҳолати ўрганилганда, ушбу мактаблар ҳожатхонаси зарарсизлантирилмаганлиги, қўл ювгичлар таъмирталаблиги ҳамда чиқинди контейнерлари белгиланган жойга қўйилмаганлиги баён қилинган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Пайариқ туман халқ таълими бўлими томонидан тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Тумандаги барча умумий ўрта таълим мактаблари ва масъулларига юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш ва такрорламаслик бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
10-, 24-, 50- ва 55-сонли умумтаълим мактабларининг масъул шахсларига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитар қоида ва меъёр талаблари бўйича огоҳлантириш ва камчиликларни тугатиш бўйича санитария тавсияномалари берилди.
Тумандаги 10-, 24-сонли умумтаълим мактабидаги қўлювгичлар соз ҳолатга келтирилди ва чиқинди учун мўлжалланган контейнер асосий бинодан 30-40 метр узоқликда ўрнатилди.
Тумандаги 10-умумтаълим мактабида 9 та иситиш қозони мавжуд бўлиб, барча қозонлар газ ва кўмир ёқилғиси билан иситишга мўлжалланган. Лекин бугунги кунда об-ҳавонинг кескин совиб кетганлиги сабабли, мактабда газ босими умуман йўқлиги учун кўмир ёқилғиси билан иситилмоқда. Газ босимини кўтариш бўйича туман ҳудудий газ таъминот корхонасига хат берилган.
Мактабга 24 тонна кўмир ёқилғиси етказиб берилган. 2022-2023 ўқув йили учун мактабга яна 14 тонна қўшимча кўмир берилиши режалаштирилган.