Ғолибларга берилган эски ноутбуклар, ҳайфсан олган ҳоким ўринбосари, ишдан бўшатилган туман ХТБ ходими ва “бахтли якун”: Нурободдаги “ноутбук воқеаси”га нуқта қўйилди
Нуробод туманидаги 41-мактаб ўқувчиси Сардор Сатторовнинг “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасидаги танловда эски ноутбук билан «тақдирлангани» ҳақдаги мурожаатидан сўнг орадан кўп ўтмай бундай ўқувчилар сони туманда учта экани ойдинлашди. Zarnews.uz мухбирлари ҳолатни жойида батафсил ўрганди.
Сардор Сатторовдан сўнг тумандаги 15-мактаб ўқувчиси ҳам танлов ғолиби сифатида эски ноутбук олгани ҳақида хабар тарқалди. Ўқувчининг яқинлари ҳолатни тасдиқлади. Туманда бўлганимизда 67-мактаб ўқувчиси ҳам худди шундай, ишлатилган ноутбук олгани ойдинлашди. Шу тарзда туманда эски ноутбук олганлар учтага етди.
Ўрганиш жараёнида туман ҳокимининг ёшлар ишлари масалалари бўйича ўринбосарига туман ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи фармойиши билан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди. Орадан кўп ўтмай, туман халқ таълими бўлими АКТ бўйича мутахассисининг ишдан олингани маълум қилинди. Танлов ғолибларига эса туман ХТБ томонидан кечаси бошқа ноутбук олиб бориб берилган (аммо эртаси куни у ҳам бироз бўлса-да ишлатилган экани ойдинлашган).
Нега ўқувчиларга эски ноутбук берилган?
Мазкур танлов Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан илк марта ўтказилган бўлиб, танловнинг вилоят босқичи ғолибларига 1-ўрин учун ноутбук, 2-ўринга планшет ва 3-ўрин учун телефон бериш кўзда тутилган. Бу - танловнинг вилоят босқичи ғолиблари учун.
Аслида туман босқичи ғолиблари учун ҳам ноутбук бериш бўйича туман ҳокимликларига тавсиявий характерда хат юборилган. Аммо Нуробод туманида ана шу ноутбук олинмай қолган ва туман босқичи 1-ўрин эгаларига соврин сифатида телефон аппарати берилган.
Туман халқ таълими бўлими мудири Равшан Тўраев воқеалар ривожини қуйидагича сўзлаб берди:
- Мазкур танловнинг туман босқичи 2022 йил 5 январь куни бўлиб ўтган эди. Туман ҳокимлиги томонидан 1-ўринга телефон, 2-ўринга тефал ва 3-ўрин эгаларига китоблар тўплами берилган эди.
10 январь куни эса туман босқичи ғолиблари вилоят босқичига таклиф этилди. Вилоят босқичи бошланиши олдидан туман босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Барча туманлар вакиллари ўзининг туман ўқувчиларига ноутбукларни топширди. Аммо биз туманнинг ўзида дастлабки ғолибларга совғамизни бериб бўлганимиз учун зудлик билан туман ХТБда турган ноутбукларни етказиб бордик ва болаларга топширдик. Аслида улар туман босқичи ғолиблиги учун телефонларни олишган эди, - дейди Р.Тўраев.
Демак, масъулга кўра, болалар вилоят босқичида ўрин ололмаган. Аммо тумандаги тақдирлаш олдинроқ бўлиб ўтганига қарамай, вилоят тадбирида бошқа туман болалари олдида қайтадан “тақдирлаш” уюштирилиб уларга туман ХТБ балансидаги ишлатилган ноутбуклар топширилган. (Вақтинча экани тўлиқ тушунтирилмаган). Афтидан, бу уялиб қолмаслик учун қилинган аммо “хом ишланган” режа бўлган. Кейинчалик худди ана шу иш кенг муҳокамаларга олиб келган.
Вилоят танлов комиссияси ҳакамлар ҳайъати аъзоси Илҳом Боймуродов бу ҳақда шундай дейди:
- Танловнинг мазкур йўналиши бўйича 1-ўринни Самарқанд шаҳрида яшовчи ўқувчи, 2-ўринни Нарпай туманидан келган ўқувчи ва 3-ўринни Қўшработ туманидан иштирок этган ўқувчи қўлга киритди. Танлов олимпиада талаблари бўйича тест шаклида ўтказилди. Эски ноутбук бўйича нурободлик ўқувчи С.Сатторовнинг мурожаати эълон қилингач, мен платформани текширдим. Бу йигит туман босқичи ғолиби сифатида вилоят босқичида иштирок этиб, 73,25 балл тўплаган ва 8-ўринни банд этган. Биринчи ўринни олмаган.
Шундай қилиб, юқорида айтилганидек, туман ҳокимлиги ва туман ХТБ томонидан ташкилотчилик борасида хатога йўл қўйилган. Бошқача айтганда, шунчаки “расмга тушиш” учун қайтадан ташкил этилган “тақдирлаш” ХТВ тизими учун ҳам, Нуробод тумани учун ҳам қимматга тушди. Энг ёмони, бу тушунмовчиликлар ҳали дунёни тушунишга ҳаракат қилаётган ёш болаларга таъсир қилган.
Аммо суриштирув ниҳоясида сайтимиз мухбирлари илиқ ёхуд “чиройли якун”га гувоҳ бўлишди.
Нурободлик бу уч йигитнинг ўз танлаган соҳасидан чекинмаслик ва уларга қўшимча рағбат бериш учун вилоят ҳокими томонидан учта ноутбук ажратилгани маълум бўлди.
Жамоатчилик ва болаларнинг яқинлари қаршисида ноутбуклар ёш дастурчиларга тантанали равишда топширилди. Уларнинг ота-онасига миннатдорчилик билдирилди.
Бу орада мазкур шов-шувли хабарлар бутун мамлакатга тарқалиб улгургани рост. Ҳолатдан хабар топган шу соҳада фаолияти юритувчи бир гуруҳ тадбиркорлар ҳам ёш дастурчиларга ноутбук совға қилишди. Нурободдаги “эски ноутбук воқеаси” шу тарзда якун топди.
Анвар Мустафоқулов,
Бахтиёр Мустанов (фото).