IT-танловида биринчи ўринни олган ўқувчига эски ноутбук совға қилингани ортидан туман ҳокими ўринбосарига ҳайфсан берилди

Хабар қилганимиздек, айни пайтда мухбиримиз Нуробод туманидаги 41-мактаб ўқувчиси Сардор Сатторовнинг «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасидаги IT танловида ғолиб бўлгач, унга топширилган соврин — ноутбук жуда эски ва ишлатилган бўлиб чиққани тафсилотларини ўрганмоқда.

Мухбиримиз Анвар Мустафоқуловнинг хабар беришича, Нуробод тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Р.Ибрагимов фармойиши билан мазкур ҳолатда масъулиятсизликка йўл қўйган ҳоким ўринбосарига ҳайфсан берилган.

"Бир миллион ўзбек дастурчилари" лойиҳаси доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган IT-танловида ғолиб бўлган ёшларни тақдирлашда масъулиятсизликка йўл қўйгани учун туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наврўзбек Жалолиддиновга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси (интизомий жазолар) 1-бандига асосан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилсин», дейилади фармойишда.