Тақиқланган жойда чўмилиб, ўз ҳаётингизни хавфга қўйманг!

Самарқанд эшкак эшиш каналида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан “Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаси – саломатлик ва хавфсизлик гарови”  мавзусида назарий ҳамда кўргазмали семинар ташкил этилди.

Унда ёзнинг иссиқ кунлари бошланиши билан инсонларда сувга чўмилишга эҳтиёж кескин ошиши, айрим вақтларда ота-оналарнинг эътиборсизлиги натижасида ёшларнинг тақиқланган сув ҳавзаларига чўмилишлари оқибатида сувга чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг содир бўлиши кузатилаётгани таъкидланди. Шунингдек, нафақат ёш болалар, балки ёши катта инсонларнинг дарё, каналларда чўмилишлари натижасида сувга чўкиш ҳолатларининг ҳам учраётгани айтилди. 

- Жойларда соҳамиз бўйича қилинаётган тарғибот тадбирларимиз ҳам камлик қиляпти, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умиджон Ахроров.  – Биргина 2019 йилнинг ўтган ойлари давомида 4 маротаба сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кузатилди. Статистик маълумотга эътибор қаратадиган бўлсак, 2016 йилдан ҳозиргача бўлган даврда энг кўп Паст Дарғом, Самарқанд, Нарпай, Ургут туманларида ва ҳатто Самарқанд шаҳрида ҳам сувда чўкиш ҳолатлари юқори эканлигини кўрсатади. Шу сабабдан ҳам биз бу семинарга бежиз таълим муассасалари ходимлари, маҳалла жамғармаси вакиллари ва бошқа ташкилотларни жалб этмадик. Айнан семинарни кўргазмали воситалар орқали ташкил этишимиздан мақсад ҳам ёзги мавсумда сув ҳавзалари, чўмилиши белгиланган ва тақиқланган ҳудудларда аҳолини хабардор этишда бу ташкилотларнинг ва албатта ОАВнинг таъсири катта. Шунинг учун ҳам бу борадаги ишларимизни ҳамкорликда амалга ошириш муҳим саналади.

Тадбирда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти мутахассиси Диана Алиева томонидан сувга чўккан инсонни қутқаргандан кейинги биринчи ёрдам кўрсатиш тартибларини амалий кўрсатиб берди.

Семинар давомида инсон сувга чўкканда унга қай ҳолатда ёрдам кўрсатиш кераклиги мутахассислар томонидан кўрсатилди. Яъни сувда чўкаётган инсонни рўпарасидан эмас, аксинча орқа томонидан бориб унга ёрдам бериш кераклиги амалда кўрсатилди.

Ҳусан Элтоев.