Тақвим: 12 декабрь - шодлик ва бахт куйчиси Ҳамид Олимжон таваллуд топган кун

Ҳамид Олимжон 1939 йилдан то умрининг охирига Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасига раҳбарлик қилди. Ўзининг «Дарё кечаси» (1936), «Чирчиқ соҳилларида» (1937), «Ўлка» (1939), «Бахт» (1940) тўпламлари, «Икки қизнинг ҳикояси» (1935-1937), «Ойгул билан Бахтиёр» (1937), «Зайнаб ва Омон» (1938), «Семурғ» (1939) достонлари билан новатор шоир сифатида даврнинг илғор ғояларини тараннум этган. «Жангчи Турсун», «Роксананинг кўз ёшлари» каби қатор балладалар ҳам яратган.

Шоир 1944 йилда автомобиль ҳалокатига учраб вафот этган.

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Жиззах шаҳри марказида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуа, кўркам хиёбон, икки шоир номи билан аталувчи ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда музей бунёд этилди.


 

 ХАЁЛИМДА БЎЛДИНГ УЗУН КУН

Хаёлимда бўлдинг узун кун,

Сени излаб қирғоққа бордим.

Оч тўлқинлар пишқирган тунда,

Топиб бер, деб ойга ёлвордим.

 

Ишон, бунда сени доимо

Эсга солар чиройли тунлар,

Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,

Эсга солар бахтиёр кунлар.

 

Толеимнинг ошиноси сен,

Сен севгимнинг кўкарган боғи.

Сенинг билан бирга иқболим,

Ишончимнинг сен вафо тоғи.

 

Мени қуршар салқин бир ҳаво,

Сув устидан тун қуюлади.

Шунда қанча-қанча гапларни

Эсга солиб ой ҳам тўлади.

 

Кеча жим-жит, ёлғиз тўлқинлар

Пишқиради билмай тинимни.

Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,

Солиб қўйдинг ёдимга кимни?..

 

1936

 

       ЎРИК ГУЛЛАГАНДА

Деразамнинг олдида бир туп

Ўрик оппоқ бўлиб гуллади

 

Новдаларни безаб ғунчалар,

Тонгда айтди ҳаёт отини

Ва шаббода қурғур илк cаҳар

Олиб кетди гулнинг тотини.

 

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор,

Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади,

Қанча тиришсам ҳам у беор

Еллар мени алдаб кетади.

 

Майли, дейман ва қилмайман ғаш,

Хаёлимни гулга ўрайман;

Ҳар баҳорга чиққанда яккаш,

Бахтим борми, дея сўрайман.

 

Юзларимни силаб, сийпалаб,

Бахтинг бор, деб эсади еллар.

Этган каби гўё бир талаб,

Бахтинг бор, деб қушлар чийиллар

 

Ҳамма нарса мени қаршилар,

Ҳар бир куртак менга сўйлар роз,

Мен юрганда боғларга тўлар

Фақат бахтни мақтаган овоз:

 

«Мана сенга олам-олам гул,

Этагингга сиққанича ол,

Бунда толе ҳар нарсадан мўл,

То ўлгунча шу ўлкада қол.

 

Умрида ҳеч гул кўрмай, йиғлаб

Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда,

Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб

Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда…»

 

Деразамнинг олдида бир туп

Ўрик оппоқ бўлиб гуллади

 

1937

 

ЭНГ ГУЛЛАГАН ЁШЛИК ЧОҒИМДА

Энг гуллаган ёшлик чоғимда,

Сен очилдинг кўнгил боғимда.

Шунда кўрди кўзим баҳорни,

Шунда қалбим таниди ёрни.

Қушлар сайрар жонимга пайваст,

Мен севгининг бўйи билан маст.

Куни билан далада қолдим,

Лолазорлар ичра йўқолдим.

Қучоқ-қучоқ гуллар терганим

Ва келтириб сенга берганим

Кечагидай ҳамон эсимда,

Ҳар сония, ҳар он эсимда.

Шундан бери тилимда отинг,

Шундан бери дилимда отинг.

Энг гуллаган ёшлик чоғимда,

Сен очилдинг кўнгил боғимда.

 

1937

 

                                          ҒАЗАЛ

На бўлғай бир нафас мен ҳам ёноғинг узра хол бўлсам,

Лабинг япроғидан томган ки гўё қатра бол бўлсам.

 

Бутоғингга қўниб булбул каби хониш қилиб тунлар,

Ўпиб ғунчангни очмоқлиққа тонг чоғи шамол бўлсам.

 

Бўйингни тарқатиб оламни қилсам масту мустағриқ,

Ўзимнинг санъатимга сўнг ўзим ҳайратда лол бўлсам.

 

Сенинг бирла қолиб бу масту лол оламда мен ёлғиз,

Ўзимни ҳам тополмай, майлига, охир хаёл бўлсам.

 

Агар боғингда гул бўлмоқ менинг-чун нораво бўлса

Ки, минг бор розиман қасрингга ҳаттоким дувол бўлсам.

 

Бошим ҳеч чиқмаса майли маломат бирла бўҳтондин,

Рақиблар рашкига кўкрак керай, майли, қамол бўлсам.

 

Кезиб саҳрою водийлар етишсам бир висолингга,

Фидо жонимни қилдим йўлингга, майли, увол бўлсам.

1943